«Реал Мадрид»да ортиқча ва кераксиз футболчига айланган Иско Аларкон янги мавсумни «Севилья» аъзоси сифатида бошлади.
Андалусиялик мухлислар клуб билан 2 йиллик шартнома тузган ярим ҳимоячига катта умид боғлашмоқда, лекин уларда шубҳа ҳам йўқ эмас. Ҳар ҳолда, иско охирги мавсумда етарли ўйин амалиятига эга бўлмади. Футболчининг ўзи ҳозирги вазиятни тушуниб турибди. Муҳими, унда «Севилья»га талаб даражасида ёрдам бера олиши борасида ишонч юқори.
Мухлисларнинг шубҳа билан қарашларига муносабат
- Ҳа, айримлар юқори савияда ўйнай олишимга ишонишмаяпти, салоҳиятимга шубҳа билан қарашяпти. Буни тушунаман, ахир охирги бир неча йил етарли амалиётига эга бўлмаслик оқибатида барқарорликни йўқотиб қўйдим. Лекин мухлисларни тинчлантирмоқчиман: ҳозирда диққатимни 100 фоиз жамлаганман ва асл даражамни кўрсатишга тайёрман. Бунинг учун бор имкониятимни ишга соламан, албатта. Яна аминманки, «Севилья» фаолиятимни қайта тиклаш учун энг муносиб клуб. Шундай экан, мухлисларнинг ортиқча хавотирланишларига асос йўқ.
Машғулотларга муносабат
- Қайтараман, умид катта, қандай жамоага келганимни яхши биламан. Жорий мавсум «Севилья» билан кўп нарсаларга эришиш ниятидаман. Тан оламан, жорий ёз мен учун жуда оғир келди, бутун фаолиятим давомида таътил илк марта шунчалик узоққа чўзилди. Тўғриси, бунақасига ўрганмаганман, лекин мавсумолди йиғинларида спорт формасини тезроқ тиклаш учун астойдил ишладим. Энди барчасини расмий ўйинларда исботлаш қолди, холос.
Жамоа танлаш масаласи
- Аслида олдимла вариантлар етарли эди, «Севилья» эса айнан спорт ва ўйин нуқтаи назаридан мени ўзига тортди. Жамоа доимий равишда ўсиб бормоқда, ҳаттоки, ЧЛда ҳам муносиб курашмоқда. Қайтараман, бу клуб - оммага ўз имкониятимни яна бир бор кўрсатиш учун энг яхши танлов.
Асосий мақсад
- Мақсад - кучли жамоада ўз ўрнимни топиш, совринлар ютиш. Қисқаси, «Севилья»га янги тарих тарих битишда ёрдам бермоқчиман.
Оилавий ҳолати
- Ўғлим аллақачон «Севилья» мадҳиясини куйлаб, уйимиз атрофида югурмоқда. Бундай лаҳзалар абадий эсда қолади.
Таққослашларга муносабат
- Ҳозир айни кучга тўлган ёшдаман, ҳали олдинда бажаришим зарур ишлар кўп. Ўзимни нисбатан ёш ва кучли ҳис қиляпман. Ҳа, ижтимоий тармоқларда мени Эвер Банегага қиёслашаётганини кўрдим. Эвер -«Севилья»да нималарга қодирлигини исботлашга улгурган футболчи. Уни «Валенсия»да ўйнаган даврданоқ биламан, лекин ўзимни кимгадир солиштирмайман. Бинобарин, «Севилья»га бошқа мақсадда келдим - футболдан олдингидек завқланишни хоҳлайман.