Ўйиндан кейинги интервьюсида Максим Шацких қатор фикрлар билдирди. Ҳиссиётларга кўп берилди, деб ўйладим. Катта клубда бош мураббий сифатида энди ишлашни бошлади. Осон эмас мураббийлик, футболчи бўлишдан фарқ қилади.
Интервьюсида Шацких "Пахтакор" посбони бирорта сейв қилмагани, дарвозаси олдида айтарли вазият яратилмагани ҳақида айтган. Мана бу ҳайлайтсни томоша қилсангиз, посбон камида 4 та вазиятда жамоасини голдан қутқариб қолганини кўришингиз мумкин. Қолаверса, тўп бир марта дарвоза тўсинига ҳам теккан. Агар булар вазият бўлмаса, билмадим нима. Ҳа, "Пахтакор" ҳар икки ўйинда ҳам тажрибалироқ кўринди, бунисига қўшиламиз. Бироқ бугунги чемпионатда бунинг ўзи камлик қилаётганини ҳамма кўряпти.
Шацких бир неча бор жаҳон чемпионати ҳақида эслатяпти. Умуман олганда, жамоаси мағлуб бўлаётган мураббийларда бу одат тусига кирди. Самвел Бабаян ҳам ўйиндан кейин асосий вазифаси терма жамоага футболчи етказиб бериш эканини айтди. Бизнингча, бунда баландпарвозлик кўп. Ҳар икки мутахассис ҳам ўз жамоасига жавоб бериши шарт, улар билан шартнома тузилаётганда мундиалга чиқиш учун нима қилишимиз керак деган савол бўлмагани катта эҳтимол. Ўзини ҳурмат қилган клуб мураббий олдига биринчи навбатда клуб манфаатини қўяди. Клоппга фарқи йўқ Англия жаҳон кубогида нима қилиши, АПЛ клублари термага ўйинчи етказиб бериш учун ишламайди. Шацких футболчи сифатида, Бабаян мураббий сифатида бизни жаҳон чемпионатига олиб чиқа олмаган, шундай экан, улар ўз иши билан машғул бўлгани тузук.
Чемпионат яхши давом этяпти. Ҳакамлик масаласи, гап-сўзлар, тахминлар, уруш-жанжаллар ҳатто кучли бешликда ҳам бор. АПЛ мураббийлари ВАР ҳақида танқидий фикр беряпти. Буларнинг ҳаммаси футболнинг бир қисми. Авваллари биз ҳақимизда деярли гапиришмасди. Бугун эса яхшими, ёмонми — гапиришяпти, кўп гапиришяпти. Ҳатто шу ҳам чемпионатнинг ютуғи. Агар Шацких бу чемпионатга 5-10 йил аввал келганида билмадим қандай ҳолатга тушарди. Ҳозир эса у мураббий сифатида, биз лига сифатида ўсишимиз керак. Хатолар ҳаммамизда бор. Ҳаммага омад.
Диёр Имомхўжаев.