Ўзбекистон U-22 терма жамоасининг бир қатор футболчилари 2013 йилги Осиё чемпионатининг дастлабки ўйинларини ўтказиб юборишга мажбур.
Алексей Евстафеев қўл остидаги Ўзбекистон U-22 терма жамоаси 16-24 июнь кунлари Непал давлатида бўлиб ўтган 2013 йилги U-22 Осиё чемпионати саралаш “D” гуруҳи ўйинларида иштирок этди ва финал босқичи йўлланмасини қўлга киритди. Саралаш баҳслари давомида тўртта ўйинда майдонга тушган ўзбекистонлик футболчилар ҳакамлар томонидан жами саккиз марта огоҳлантириб, сариқ карточкалардан иккитаси, кейинчалик, қизил карточкага айланган эди.
Яман терма жамоасига қарши гуруҳ босқичи 4-тур учрашувининг 74-дақиқасида огоҳлантирилган Темурхўжа Абдухолиқов Иорданияга қарши 5-тур учрашувининг биринчи бўлимида ҳам ҳакам томонидан огоҳлантирилган эди. Шундай қилиб, Ўзбекистон U-22 терма жамоаси ҳужумчисининг сариқ карточклари сони иккитага етгани сабаб, у финал босқичининг дастлабки ўйинини ўткзаиб юборишга мажбур.
Терма жамоа ҳимоячиси Давронбек Ҳошимов Иорданияга қарши сўнгги саралаш учрашувида икки марта сариқ карточка ишлаб олиб, шундан сўнг, 89-дақиқада майдондан четлатилган эди. U-22 Осиё чемпионати Регламентининг 56-моддасининг “с” ҳамда “е” бандларига асосан, Давронбек Ҳошимов ҳам Осиё чемпионати финал босқичидаги битта ўйинни ўтказиб юборишга мажбур.
Саралашнинг Непал ҳамда Яман терма жамоаларига қарши ўйинда биттадан сариқ карточка олган ярим ҳимоячи Дилшод Жўраев Иордания терма жамоасига қарши сўнгги ўйинни ўтказиб юборди. Шундай қилиб, у финал босқичига ҳеч қандай карточкасиз йўл олади.