"Реал Мадрид" янги мавсумни ажойиб бошлади, Карло Анчелотти шогирдлари саккизта расмий ўйиндан саккизтасида ғалаба қозонди. Ҳужумчи Винисиус Жуниор жуда зўр кўриняпти, у "гол+пас" тизимида 8 (5+3) очко тўплади. Ҳаммаси яхши кетяпти, лекин иқтидорли футболчининг баъзи хатти-ҳаракати ҳатто "Реал"нинг футболчиларига ҳам ёқмайди.
Винисиуснинг ҳаракатлари жамоадошларини жаҳлини чиқаради
11 сентябрь куни Мадриднинг “Реал” клуби Испания чемпионатининг 5-туридан ўрин олган “Мальорка” билан ўйинни ўтказди. Карло Анчелотти шогирдлари рақибни мағлуб этишди (4:1), Винисиус ғалаба тўпини киритди. 72-дақиқада у Родригодан узатмани қабул қилиб олди ва тўпни узоқ бурчакка эҳтиёткорлик билан йўллади. Бразилиялик голни ҳаммага ҳам ёқмаган рақс билан нишонлади.
Голдан кейин Винисиуснинг хатти-ҳаракати, “Мальорка” футболчиларининг норозилигига сабаб бўлди. Учрашув якунида улар бразилиялик футболчига нисбатан бир неча қўполлик қилишди. Балки шу йўл билан форварднинг провокацион хатти-ҳаракатларини йўқ қилишга ҳаракат қилишгандир. Марcа хабарига кўра, ўйин якунида "Мальорка" бош мураббийи Хавьер Агирре ўз футболчиларидан Винисиусга жароҳат етказишини сўраган, бу эса, албатта, "Реал" футболчисига ёқмаган. Бразилиялик футболчи майдон четида рақиб мураббийи билан оғзаки тортишиб қолган. Натижада жаҳлдор футболчи Анчелотти томонидан тинчлантирилди.
Аммо бу тўлиқ ҳикоя эмас. Cadena CER хабарига кўра, Винисиус ўйин давомида "Мальорка" футболчиларини ҳар томонлама провокация қилган. Бутун ўйин давомида у рақибларга: “Нима? Ғалаба қозонаман деб ўйлайсизми?", деб чиққан. Винисиуснинг ҳийла-найранглари жиноий эмас, лекин улар ҳатто унинг жамоадошларини ҳам безовта қилади. Нуфузли АS нашрининг хабар беришича, жамоадошлари футболчидан хатти-ҳаракатларини тўғрилашни “минг марта сўрашган”, лекин у ҳеч нарса қилмаган.
Нега испан агенти бразилияликни маймунга қиёслади
Энди рақсга қайтайлик. Испания агентлари ассоциацияси президенти Педро Браво "Реал" футболчисининг голдан кейинг рақси учун хатти-ҳаракатларини танқид қилди. Тўғри, у ҳаддан ошиб кетди: “Винисиус рақибни ҳурмат қилиши керак. Агар сиз рақсга тушмоқчи бўлсангиз, Бразилиядаги самбодромга (Риодаги кўчалар, самба карнаваллари ва бошқа кенг кўламли тадбирлар учун мўлжалланган жой) боринг. Испанияда сиз рақибингизни ҳурмат қилишингиз ва маймун каби ҳаракат қилишни бас қилишингиз керак”.
сеньор Браво бу қизғин нутқни испан телевидениеси эфирида айтди ва у бир зумда ижтимоий тармоқларга тарқалди. Одамлар ўйинчини маймунга қиёслашни жирканч деб аташган. “Футбол нафрат, ирқчилик учун жой эмас. Биз бу билан курашишимиз керак! Биз сиз биланмиз, Вини ”, деб ёзди Бразилиянинг TNT Sports Brasil портали.
Мана, “Ньюкасл” ярим ҳимоячиси Бруно Гимарайш Бравонинг сўзларига қандай муносабат билдирди: “Бу аҳмоқ қамоқда бўлиши керак! Ҳеч қандай баҳона йўқ. Агар Браво жонли эфирда шундай баёнотлар берса, атрофда камералар бўлмаганда нима деяётганини тасаввур қилинг”.
"Реал Мадрид"нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Рейнер ҳам худди шундай деб ёзди ижтимоий тармоқларда. Ҳозир у "Жирона"да ижара асосида ўйнамоқда: "Биз сен биланмиз, Вини. Ирқчининг жойи қамоқхона! Бу одам жирканч”.
“ПСЖ” юлдузи Неймар ҳамюртини қўллаб-қувватлади: “Дриблингга бор, рақсга туш ва ўзинг каби бўл! Кимлигингиздан роҳатланинг. Кейинги голдан кейин бирга рақсга тушамиз”, - деб ёзди “ПСЖ” футболчиси ижтимоий тармоқларда.
Неймарнинг ташаббусини бошқа таниқли бразилиялик футболчилар ҳам қўллаб-қувватлади. Масалан, Ришарлисон, Лукас Пакета ва Рафинья ҳам ижтимоий тармоқларда Винисиусни қўллаб-қувватлаган.
Натижада, Браво узр сўрашга мажбур бўлди: "Мен "маймун каби ҳаракат қилиш" ибораси метафора эканлигини аайтмоқчиман. Бундай ҳолда, бу "аҳмоқона ишларни қилиш" деган маънони англатади. Мен чин дилдан кечирим сўрайман, чунки мен ҳеч кимни хафа қилмоқчи эмасман. Мен жуда афсусдаман!"
"Атлетико" сардори Винисиуснинг рақсга тушиши ҳақида нима деди?
“Агар Винисиус бизга қарши ўйинда гол урса ва ўз услубида нишонласа, стадион қандай муносабатда бўлади? Муаммолар бўлиши аниқ. Гарчи у ўзи хоҳлагандек нишонлаши мумкин”, - деди Коке.
“Атлетико” ҳужумчиси Алваро Мората (“Реал”нинг собиқ футболчиси) “қаймоқранглилар”ни ҳимоя қилди: “Винисиус яхши йигит. Менимча, у рақсга тушиши билан ҳеч кимни хафа қилмоқчи эмас. Ҳар бир футболчи голларни ўзи хоҳлаган тарзда нишонлаш ҳуқуқига эга. Асосийси, рақибни ҳурмат қилиш ва ҳаддан ошиб кетмаслик”.