21 сентябрь – 6 октябрь кунлари Эронда ўсмирлар (U16) ўртасидаги Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Унда мамлакат шарафини Дилшод Нуралиев бошқарувидаги Ўзбекистон (U16) ўсмирлар терма жамоаси ҳимоя қилади.
10 май куни мазкур ёшдаги футболчилар ўртасидаги қитъа чемпионатига қуръа ташганан ОФК, энди ўйинлар санасини аниқлаб олди. Унга кўра Ўзбекистон ўзининг илк учрашувини 23 сентябрь куни Ҳиндистон ўсмирларига қарши ўтказади. Қайд этиш керак, Ҳиндистон Тошкентда бўлиб ўтган саралашни иккинчи ўринда якунлаб қитъа чемпионатига йўл олган бўлса, гуруҳда юз фоизлик натижа қайд этган Дилшод Нуралиев жамоаси биринчи ўринни қўлга киритганди.
25 сентябрь куни 2-турда Хитой ўсмирлари Ўзбекистон синовида бўлишади. Ва ниҳоят 27 сентябрь куни Ўзбекистон ва Сурия терма жамоалари гуруҳдаги сўнгги учрашувни ўтказишади. Мос равишда чорак финал ўйинлари 30 сентябрь, ярим финал 3 октябрь ва финал 6 октябрга тайин қилинган.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, икки йил аввал Алексей Евстафеев бошқарувидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Тошкент мезбонлик қилган Осиё чемпионатини вице-чемпион сифатида якунлаганди. Кейинчалик мазкур жамоа жаҳон чемпионатининг чорак финалига қадар етиб борган.
Осиё чемпионатига йўл олиш каби дастлабки миссияни ижобий ҳал қилган Дилшод Нуралиев жамоасининг эндиги вазифаси жаҳон чемпионати чиптасига эга чиқиш керак. Бунинг учун Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Эрондаги Осиё чемпионатида ярим финалга қадар етиб бориши керак. Гуруҳда Ҳиндистон, Сурия, Хитой каби мамлакатлар қаршилигини синдириши керак бўлган Ўзбекистон, чорак финалда КХДР, Япония, Саудия Арабистони ёки Жанубий Корея термаларидан бирига рақиб бўлади. Сабаби мазкур квартет «С» гуруҳини ташкил қилишган. «А» гуруҳида Эрон, Кувайт, Яман, Лаос, «В» гуруҳида Австралия, Ироқ, Уммон ва Таиланд термалари кураш олиб боришади.
Айни пайтда Дилшод Нуралиев шогирдлари Австрияда ўқув-машғулот йиғини олиб боришмоқда. Унга қадар Озарбойжондаги «Каспий Кубоги»да қатнашган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Озарбойжон, Туркия, Грузия, Япония, Қирғизистон, Қозоғистон, Литва каби мамлакатлар орасида 3-ўринни қўлга киритганди.