Дарвин Нуньес
Халқаро танаффуслардан олдин ҳам Нуньес билан турли хил омадсизликлар рўй берганди. "Ливерпул"га ўтгач, фойдаси тегиши кутилаётган ҳужумчи, ҳозирча катта ўзгариш ясай олмади. Дарвин Нуньес ва Эрлинг Холандни солиштирганда бу нарса яққол сезилади. Нуньесни халқаро танаффусларда ҳам омадсизлик тар этмади. Унинг жамоаси Эрон қарши ўртоқлик баҳсида 1-0 ҳисобида имкониятни бой берди. Шунга қарамай, кейинги ўйинда, Канада дарвозаси Нуньес томонидан ишғол қилинди. Бизнингча, энди 22 ёшли футболчи "Ливерпул"га қайтгач, нималарни тўғирлаш кераклигини яхшилаб ўйлаб кўради.
Мейсон Моунт
Моунт Англиянинг ҳар икки баҳсида ҳам захира футболчиси сифатида қайд этилганди. Саутгейт уни асосийда танламади. Италияга қарши ҳеч нарса қила олмаган "Уч Шерлар", ўз уйида нисбатан яхшироқ кўринди. Бунда Моунтнинг ҳаракати таҳсинга сазовардир. У Германия билан нималарга қодир эканини кўрсатиб қўя олди. Мейсон "Челси" тарбияланувчиси. Жамоани Лэмпард бошқарган даврларда у асосий таркибга киришга қийналган. Шунингдек, Тухель ҳам Моунтга тўла ишонмас эди. Грэм Поттер эса 23 ёшли ҳужумчига кўпроқ имкон беради деган умиддамиз.
Расмус Кристенсен
"Лидс"нинг янги хариди саналган Кристенсен, ўз клубида чап қанотга жавобгар ҳисобланади. 25 ёшли ҳимоячи Дания терма жамоаси аъзосидир. У ва шериклари Миллатлар лигасида Хорватияга имкониятни бой берганди. Бунда Кристенсеннинг ҳам маълум айби мавжуд. Аммо кейинги ўйин яхши ўтди. Мбаппе, Гризманн, Менди каби топ-футболчиларга қарши Кристенсен муносиб ҳаракатланди ва жамоасининг 2-0 ҳисобидаги ғалабасида муҳим рол ўйнади.
Райан Фрейзер
Шотландия терма жамоаси аъзоси қарийб бир йиллик танаффусдан кейин яна халқаро ўйинларга қайтди. "Ньюкасл" ҳужумчиси Украина билан кечган баҳсда кўплаб имкониятларни кўкка совургани билан эсланадиган бўлди. Ўйин эса 0-0 ҳисобида якун топди. Бироқ, Фрейзер Ирландия билан баҳсда ажойиб ҳаракат қилди. 28 ёшли футболчи жамоаси билан ғалабага эришган. Шотландиянинг Миллатлар лигасида юқорилаши, Фрейзернинг клубдаги ҳолатини ҳам яхшилайди. Эндиликда, Эдди Хау унга кўпроқ имконият бера бошласа, ажаб эмас.
Ремо Фройлер
"Ноттингем Форест"даги ҳаракатлари билан эътиборга тушган футболчи, жамоасига ёрдам беришга қийналмоқда. "Ўрмончилар" "Тоттенхэм", "Фулхэм" ва "Манчестер Сити" билан ўйинда мағлуб бўлган. Бунда эса Фройлернинг ҳам айби бор эди. Шунга қарамай, Фройлер Швейцария термаси билан халқаро танаффусни яхши ўтказди. У ярим ҳимояда Гранит Жака билан ишончли ҳаракат қилди. Натижада унинг жамоаси Испания ва Чехияни қийинчиликсиз мағлуб эта олди. Аммо Фройлер январга қадар клубдаги ўйинини яхшилаши лозим. Акс ҳолда, ишлар ортга кетиши ҳам ҳеч гап эмас.
ИСМАТОВ Ж.