Тошкентнинг «Ардус» футзал клуби бош мураббийи Александр Петров клублар ўртасидаги Осиё чемпионати финалидан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашар экан, шогирдларига бироз омад етишмаганини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда ОФК расмий сайти хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, 6 июль куни Кувайтда футзал бўйича клублар ўртасидаги Осиё чемпионати финал учрашуви бўлиб ўтди. Унда Эроннинг «Санае Гити Пасанд» жамоаси Ўзбекистон чемпиони – «Ардус» клуби устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
«Албатта, финал ўйинида имкониятни бой бериш бироз алам қилади, бироқ мусобақа давомида биз ўзимиз учун кўп янги нарсаларни ўргандик. Мен ушбу жамоа билан ишлашда давом этаман ва, агар, келаси мавсум Ўзбекистон чемпионатида ғалаба қозона олсак, Осиё чемпионатида янги бир қадам ташлашимизга умид қиламан», - деди икки йилдан ортиқроқ вақт давомида «Ардус» билан бирга ишлаб келаётган мутахассис.
«Мусобақанинг энг кучли жамоасига қарши ўйинда шогирдларим ўзларининг энг яхши ўйинларини намойиш эта олганликларидан бахтиёрман ва бундан фахрланаман. Бир ҳафта давомида бешта ўйин ўтказиш кишидан катта жисмоний ва руҳий кучни талаб қилади, аммо мен буни ўзимизни оқлаш учун восита сифатида кўрсатмаган бўлардим», - деди Петров.
«Биз ўйин давомида рақибимизга босим ўтказдик, кўплаб вазиятларни юзага келтирдик. Бироқ мини-футболда ҳар доим ҳам ғалаба қозонаверамайсан, бугун эса бизнинг кунимиз эмасди», - дея қўшимча қилди «Ардус» бош мураббийи Александр Петров.
Маълумот ўрнида, «Ардус» футзал клуби делегацияси ўрин олган самолёт 7 июль, шанба куни маҳаллий вақт билан 17:05да Тошкентга аэропортига қўнади.