«Пахтакор» футбол клуби президенти Ботир Раҳимовга ОФК Тартиб-интизом қўмитаси томонидан жазо чоралари кўрилди.
3 июль куни ОФК Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қўмита 2012 йилнинг биринчи ярмида ташкилот байроғи остида ўтказилган мусобақалардаги қоидабузарликлар юзасидан қарорлар қабул қилди.
Жумладан, Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи баҳсларидан ўрин олган Тошкентнинг «Пахтакор» ҳамда Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» жамоалари ўртасидаги ўйинда ОФК Тартиб-интизом Кодекси ҳамда Осиё Чемпионлар Лигаси Регламентини бузиб, ҳакамларга босим ўтказишга ҳаракат қилгани учун «Пахтакор» футбол клуби президенти Ботир Раҳимовга нисбатан, «Пахтакор» – «Ал-Иттиҳод» ўйини комиссари ҳамда бош ҳаками ҳисоботи ҳамда Регламент ҳамда Кодекснинг тегишли моддаларига асосан, жазо чоралари кўрилди.
Унга кўра, ОФК Чемпионлар Лигаси Регламентининг 69-моддаси «а» банди ҳамда ОФК Тартиб-интизом Кодексининг 57-моддасини бузгани учун, Ботир Раҳимов 5 минг АҚШ доллари миқдорида жарима тўлаши шарт. Шунингдек, Регламентнинг 11-моддаси «f» банди ва Кодекснинг 22-моддасига асосан, «Пахтакор» футбол клуби президенти 30 қарор қабул қилинган кундан эътиборан 30 кун давомида футбол билан боғлиқ фаолият олиб бора олмайди.
Агар жазо чораларига сабаб бўлган ҳолатлар яна такрорланадиган бўлса, янада кучлироқ жазо чоралари кўрилади.