Ҳозирга кунга келиб Олий лигадаги жамоаларимиз танаффусга чиқиб, керакли харидларни амалга оширишга тараддуд кўришмоқда.
Талабга жавоб берилмаган футболчиларга эса жавоб берилмоқда. Бу ҳақда мавжуд жамоаларнинг расмий сайтларидан маълумотларга эга бўляпмиз. Лекин "Навбаҳор" ФК расмий сайти мана 20 кундан бери фаолиятда эмас, яъни 19 июньдан буёғига янгилик киритилмаган. Сўнгги хабар: "Футболчиларимиз Тошкентда"
Клуб матбуот хизматида билишимча, тарқалиб кетган фан-клубимиз координатори Жаҳонгир Шарифий ҳамда Шавкат Содиқовлар фаолият кўрсатаётган эканлар. Шу инсонлар ўз зиммаларидаги вазифаларни қандай бажаришмоқда ўзи?
Куни кеча бир сайтда матбуот хизматининг вазифалари ҳақида ўқиб қолдим. Бу борада таниқли шарҳловчи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев шундай дейди: "Матбуот хизматининг асосий вазифаси – клуб фаолияти тарғиботи билан шуғулланиш, жамоатчиликка мураббийлар ва футболчилар фаолияти, учрашувлар, рақиблар ҳақида қизиқарли ва тўлақонли маълумот етказишдир".
Ушбу фикрларга назар ташлаб, юқорида келтирилган вазифалар "Навбаҳор" ФК матбуот хизмати томонидан амалга оширилмаяпти, назаримда. Давралар орасидаги пайтда олди-сотдилар жуда авж олади. Шундай пайтда расмий сайтимизнинг ишламаслиги яхши эмас.
www.lochinlar.uz да тарқатилган хабарларга клуб томонидан эътирозлар бўлаётгани ҳақида эшитгандим анча аввал. Бироқ расмий сайт ишламагандан, унга керакли аниқ маълумотларни киритмагандан сўнг эътироз билдириш бироз ғалати эмасми?
Тўғриси, олдинлари (Отабек Кенжаев даврида) расмий сайтимиз жуда тезкор суръатда ишлаётган эди. Ҳар бир учрашувдан видео ва фотолар бизга тақдим этилаётганди. Ҳозирда эса умуман медиа ҳақида гап бўлиши мумкинмас. Менга ўхшаган узоқдагилар ҳеч бўлмаса учрашув ҳақидаги видеолавҳаларни кўришни истайди.
Мана, кам мухлисларга эга жамоаларнинг расмий сайтлари қандай ишламоқда! Нега энди бизда шунга етарли эътибор қаратилмаган? Тўғри, ҳозир клубда вазият яхши эмасдир, бироқ бу ишларга катта маблағ сарфланмаса керак. Ж.Шарифийнинг айтишича, иккинчи даврадан барчаси изига тушармиш!
Айни пайтда "Навбаҳор" тўғрисида бирор бир янгиликни олиш жуда мушкулга ўхшайди. Шундай пайтда расмий сайтнинг ишламаслиги панд беради. Яхшиямки, бизнинг мухлислар сайтимиз бор. Шу сайт орқали ўз фикрларимизни, жамоага оид сўнгги хабарларни билиб боряпмиз. Аммо клуб расмий сайтининг шундай пайтда фаолиятда эмаслиги ачинарли ҳолат. Наҳот шу оддийгина сайтни ҳам юргизиш қийин бўлса? Мен бу орқали клуб матбуот хизматини танқид қилишдан йироқман. Фақат биз мухлисларга етарли шароитлар яратилмаганлигидан норозимиз. Ҳеч бўлмаса матбуот хизмати мухлислар сайти билан қандайдир алоқа ўрнатса бўлармиди қананақадир олди-қочди фикрларни айтмасдан.
Мақсуд ШУҲРАТОВ, Урганч шаҳри.