Про лиганинг 21-турида “Андижон” жамоамиз 3-ўринда бораётган “Бухоро”ни қабул қилди.
Қизиқ жиҳати, 18-тур доирасида 10 сентябрь куни “Андижон” сафарда “Бухоро” майдонида майдонга тушиб 1:2 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритиб қайтганди. Буни қарангки, орадан роппа-роса бир ой ўтиб, бугун – 10 октябрь куни яна ушбу клублар энди “Бобур Арена”да беллашишди ва бу сафар ҳам “Андижон” 2:1 ҳисобидаги ғалабасини такрорлади.
Ўйин дисквалификация туфайли мухлисларсиз ўтказилиши аниқ эди. Шунинг учун “Бобур Арена” ишқибозларсиз ҳувиллаб қолди. Аммо, энди “Андижон” кейинги уй учрашувидан яна томошабинлар кўз ўнгида ўйнай олади.
Бевосита учрашувга тўхталадиган бўлсак, Абдураҳмон Комиловнинг қанотдан заргарона тўп узатишидан кейин Богдан Милич боши билан Никола Стошич дарвозасини ишғол қилди. Голдан сўнг андижонликларда яна қатор голли имкониятлар бўлди. Бироқ Суҳроб Бердиев ва Владимир Бубаньянинг зарбаларини дарвозабон қийинчилик билан қайтариб қолди.
“Бухоро” иккинчи бўлимда вазиятни ўзгартириш учун ўйинни кучайтиришга уринди. Лекин учрашув охирларида Шаҳбоз Эркинов ўзининг шедевр голи билан ўйин тақдирини ҳал қилди. Фақат ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтнинг охирги сониясида Темур Исмоилов ҳисобни қисқартирди. Маълумот учун, бу футболчи Бухородаги ўйинда ҳам гол урганди.
“Андижон” яна бир бор жиддий рақиб устидан муҳим ғалабани қўлга киритиб, Суперлигага янада яқинлашди.
Виктор Кумиков шогирдларининг навбатдаги ўйини 16 октябрь куни сафарда “Хоразм”га қарши ўтади.
“Андижон” – “Бухоро” – 2:1 (1:0).
10 октябрь. Андижон. “Бобур Арена” стадиони.
Ҳакамлар: Равшан Абдувоҳидов, Далер Тиллаев, Амир Галеев.
Назоратчи: Маъмур Саидқосимов.
Комиссар: Зоҳиршоҳ Акрамхонов.
“Андижон”: Элдор Адҳамов, Абдувоҳид Ғуломов, Абдураҳмон Комилов, Владимир Бубанья, Илдар Маматказин, Муҳаммадкарим Тоиров (Аҳрор Иноятов, 88), Горон Милойко, Фарҳод Соҳибжонов (Шерзод Эсонов, 78), Суҳроб Бердиев (Азамат Исроилов, 88), Шаҳбоз Эркинов (Маликшоҳ Расулов, 88), Богдан Милич (Аҳмаджон Анваров, 82).
“Бухоро”: Никола Стошич, Обид Жўрабоев, Миржалол Жумаев, Рустам Абдуҳамидов (Сандей Сонг Лонгжи, 70), Абдуҳолиқ Қурбонов, Файзулла Жуманқўзиев (Темур Исмоилов, 82), Ҳумоюн Шербўтаев, Жасур Азимов (Сирож Мелиев, 70), Жамолиддин Убайдуллаев, Ҳумоюнмирзо Иминов, Рўзим Аҳмедов.
Голлар: Богдан Милич, 18 – 1:0. Шаҳбоз Эркинов, 85 – 2:0. Темур Исмоилов, 90+5 – 2:1.
Огоҳлантиришлар:
Суҳроб Бердиев, 49 – Обид Жўрабоев, 42.