Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Мэйсон Маунт: «Олдинга қадам ташлаш учун бор кучни ишга солиш керак»

Баҳо:
+ | -

Англия миллий жамоаси плеймейкери Мэйсон Маунт ўз клуби - «Челси» расмий сайтига берган эксклюзив интервьюсида асосан Қатар мундиалига боғлиқ умидлари билан ўртоқлашди.

У шу аснода болалик даври ўзи томоша қилган турнирлар ва уларда кузатилган машҳур голларни эслади, афсонавий футболчилар таъсири ҳақида ҳам гапирди. Ҳозирга қадар Англия­нинг U-16 термасидан миллий жамоасигача бўлган йўлни бир нафасда босиб ўтган Мэйсон бўлажак жаҳон форумида ҳам ўз салоҳиятини тўлиқ кўрсатмоқчи. 23 ёшли футболчи шу мақсадда катталар миқёсидаги дебют мундиалига жиддий шайланмоқда.

- Ўзингиз кузатган илк жаҳон чемпионатини қандай эслайсиз?

- 2002 йилги ЖЧдан айрим лаҳзалар хотирамга муҳрланган. Дейлик, чорак финал ўйи­нида Роналдиньонинг Англия терма жамоаси дарвозасига урган голини эслайман. Умуман, ўша мундиалда кузатилган чиройли ва муҳим голларни биламан, лекин ҳаммаси қандай кечганини эмас. Чунки 2002 йили атиги 3 ёшда бўлганман. Германия мезбонлик қилган кейинги ЖЧни эса тўлиқ кузатганман, унинг воқеалари ҳам эсимда. Айниқса, турнирни «портлатган» Уэйн Руни ўйинлари катта таассурот қолдирганди. Улғайган сари жаҳон турнирларини оилам даврасида Англия терма жамоаси футболкасида биргаликда томоша қила бошлаганман. Айтишим мумкинки, ҳар бир катта ўйин арафасида кучли ҳаяжонга тушардим, бор диққатимни майдондаги воқеаларга қаратардим. Умуман, жаҳон чемпионати барчани, ҳаттоки, бутун халқни бирлаштириш қувватига эга. Қисқаси, мундиалларга боғлиқ хотираларим жуда кўп ва ажо­йиб.

- Қизиқ, ўйинларни оддий мухлис сифатида кўрармидингиз ёки кузатиш асносида қандайдир қўлланмалар олиш мақсадида?

- Аввало, мухлис мақомида, албатта. Шунинг баробарида Англия термаси ва бошқа жамоалар сафида тўп сурган афсонавий футболчилар ҳаракатини обдон кузатишга ҳам қизиққанман. Энди эса ўзим футбол ичидаман ва таассуротлар бироз бошқача. Хусусан, Россияда ўтказилган охирги жаҳон чемпионати ўйинларини бевосита стадионларда кўрдим. Россия сафари давомида Англия термаси жойлашган меҳмонхонада ҳам бўлдим ва мамлакат номидан ЖЧдек турнирда майдонга тушиш қандайлигини маълум даражада ҳис қилдим. Шу маънода ЖЧ-2018га кузатувчи сифатида бориш мен учун беқиёс мактаб бўлди. Оддий айтганда, барчасини яқиндан кўриш ва англаш жуда катта аҳамият касб этди, умуман, ўша саёҳатдан кўп нарса олиб қайтдим.

- Мундиаллар учун аталган қўшиқлардан қай бирини биласиз, улардан энг яхшисини айта оласизми?

- Шакиранинг 2010 йилги жаҳон чемпионати учун яратган қўшиғи (Waka, Waka, This Time for Africa)ни ҳар доим эслайман - куй ва сўзларнинг ҳақиқий уйғунлашуви! Vindaloo қўшиғи ҳам яхши чиққан, буниси шунчаки, мўъжиза.

- Эсингизда қолган жаҳон чемпионатига тааллуқли энг ёрқин лаҳза...

- Фрэнк Лэмпарднинг Германия терма жамоаси дарвозасига урган голи. Афсуски, шундай чиройли ва тоза гол ҳисобга олинмади. Ўша ўйинни жонли равишда кўрганман ва лаҳзаларини эсласам, ҳанузгача сиқиламан. Чунки Лэмпард зарбасидан кейин тўп дарвоза ичига кирганини ҳамма кўрганди, фақат ҳакамлар эмас. Охир-оқибат, мўъжизакор гол увол кетди. Шунингдек, миямга ўрнашган ёрқин лаҳзалардан яна бири - бу Хамес Родригеснинг голи. Умуман, унинг ижросида Бразилия-2014 турниридан эсга олишга арзийдиган ҳаракатлар жуда кўп - гавданинг кўкрак қисми билан гол, «волейбол», шунингдек, сеҳрли дриблинглар... Қисқаси, Хамеснинг 2014 йилги иштироки ақлга сиғмас даражада зўр чиққанди.

- Мундиалларда ўзингиз кўрган энг кучли футболчи ким?

- Ёшлигидаёқ жамоада катта ролни қўлига олган Руни ва албатта, Бекс (Дэвид Бекхэм). Шу иккиси мени ҳар доим ўзгача илҳомлантирган. Эсимда, болалигимда жарима зарбасини Бекхэм усулида тепишга уринардим. Бироз улғайганимда ёш Руни катта саҳнага кўтарилди ва унинг қандай юлдуз бўлганию, ҳамиша диққат марказида турганини алоҳида кузатдим. Ўша вақт Уэйннинг ўйинлари, умуман, фаолияти шунчаки, ақлга сиғмасди. Ахир у Англия футболидаги рекордларни бирин-кетин янгилашга тушиб, энг зўри эканлигини исботлади. Хуллас, мундиалларда энг кучли таассурот уйғонган футболчилардан бири - Руни.

- ЖЧда фойдаланилган энг севимли футболка...

- Менга ҳамиша Англия термасининг қизил рангли либоси ёққан. Жамоа асосан сафар ўйинларида ўша формада ҳаракатланарди. Ўзимда эса Бекхэмга тегишли 7-рақамли форма бор эди.

- ЖЧ учун ишлаб чиқарилган энг чиройли тўп...

- «Жабулани»-2010ни яхши эслайман. Футболчилар у билан чиройли голлар уришган. Адашмасам, очилиш ўйинидаёқ кимдир узоқ масофадан чап оёқда беназир гол урган ва шарҳловчи ҳам бунга қойилмақом муносабат билдирганди: «Бу гол бутун Африка учун!»

- Имкон берилса, жаҳон чемпионати финалида қайси стадионда майдонга тушишни хоҳлардингиз?

- Маълум сабабларга кўра, Портудаги «Драгау» аренасини танлайман. Ундаги муҳитни таърифлашга тил ожиз.

- Қатар-2022 стартини интиқ ҳолда кутаётганингиз аниқ. Бўлажак ЖЧга боғлиқ умидларингиз қандай?

- Болалик йиллари жаҳон чемпионатида қатнашишни орзу қилиб, вақти келиб турнирга йўлланма олиш ва миллий жамоа таркибига тушиш - бу ақл бовар қилмас ўзгача туйғу. Гуруҳимиздаги рақибларни яхши биламиз, сўнгги бир неча йил давомидаги ўйи­нимиз билан нималаргадир даъвогарлик қилишимизга ишончимиз комил. Ўтган турнирга нисбатан олганда, яна бир қадам олдинга юриш учун бор кучимизни ишга соламиз, албатта.

- Сизнингча, Қатарда қайси жамоаларга кўпроқ эътибор қаратиш керак?

- Ҳар доимгидек, Европа вакиллари - Испания ва Германия термаларига. Яна Бразилия ва Аргентина каби азалий кучли жамоалар борки, ҳеч қачон уларга қарши ўйнамаганман. Бундай ўйинларда иштирок этиш - орзу. Афсуски, Англия термаси халқаро футболда бразилияликлар ва аргентиналиклар билан камдан-кам ҳолда тўқнаш келади. ЖЧ эса шундай имконият тақдим этиши мумкин. Ҳар икки жамоанинг тарихга айланган турнирларда кўрсатган кароматлари - алоҳида ҳикоя. Шундай экан, Бразилия ва Аргентина термаларига қарши ўйинлар ҳар қандай футболчини ўзгача тўлқинлантириши мумкин. Булар - сиз дуч келишни истайдиган рақиблар.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 12:43, 12.10.2022.
Ўқилди: 1388 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.