Италиянинг “Милан” клуби “Манчестер Сити”нинг аргентиналик ҳужумчиси Карлос Тевезни қўлга киритиш учун музокараларни қайтадан бошлади, дея хабар бермоқда La Gazzetta dello Sport.
Эсингизда бўлса, Тевез қишда “Милан” сафига ўтишга яқин турганди, аммо трансфер сўнгги палладагина амалга ошмай қолганди.
Миланликлар ўзларининг икки асосий футболчиси Иброҳимович ва Тияго Сильвани “ПСЖ”га сотиб юборгач яхшигина пул ишлаб олишди. Эндиликда “Россонери” уларнинг ўрнига янги футболчиларни сотиб олишлари кўзда тутилган.
Ҳужум чизиғига “Милан” Карлос Тевезни сотиб олишни мақсад қилишган. Куни кеча “Милан” вице-президанти Адриано Галлиани футболчининг агенти билан боғланиб музокараларни қайтадан бошлаганликларини айтиб ўтди.
Тевез билан биргаликда, миланликлар “Сити”нинг бошқа бир ҳужумчиси Эдин Джекони ҳам мўлжалга олишган. Агар Тевезнинг трансфери амалга ошмай қолса, у ҳолда миланликлар бор эътиборларини босниялик ҳужумчига қаратишларини эълон қилишган.
“Милан” ўзининг асосий ҳимоячиси Тьяго Сильвани “ПСЖ” га трансфер қилгач, унинг ўрнига ҳам муносиб ўринбосар излашга тушди. Айни дамда миланликлар унинг ўрнига ҳимоя чизиғига сотиб олиши мумкин бўлган асосий номзод Аргентинанинг “Арсенал Саранди” клубининг 22 ёшли ҳимоячиси Лесандро Лопес бўлиб турибди.