"Барселона" футболчилари Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 5-туридан ўрин олган "Интер" ҳамда "Виктория" (Пльзень) жамоалари ўртасидаги ўйинни биргаликда томоша қилишади, деб хабар беради журналист Андреа Альбетс ўзининг твиттерида.
Манба берган хабарга кўра, жамоа бош мураббийи Хави “Интер” – “Виктория” учрашувини кийиниш хонасида бирга томоша қилиш учун футболчилардан “Бавария” билан ўйин олдидан стадионга эрта етиб келишларини сўраган.
Миланда бўлиб ўтадиган ўйин натижаси "Барселона"нинг Чемпионлар лигасида ўйнашни давом эттириш имкониятларини белгилаши мумкин. Агар “Интер” ўз майдонида Чехия жамоасини мағлуб этса, каталонияликлар ва “Бавария” ўртасидаги ўйин натижаси қандай бўлишидан қатъий назар, Хави шогирдлари турнирнинг плей-офф босқичига чиқа олмайди.
"Интер" - "Виктория" (Пльзень) учрашуви Тошкент вақти билан 21:45да бошланади. "Барселона" ва "Бавария" ўртасидаги ўйиннинг бошланиши Тошкент вақти билан 00:00га белгиланган.