Футболнинг ўтмиши воқеаларга бой. Тарихда шундай ҳимоячилар бўлганки, одамлар улар ҳақида дастлаб хато ўйлашган. Бунинг яққол мисолини "МЮ" футболчиси Лисандро Мартинесда ҳам кўришимиз мумкин. Кўпчилик, жумладан, собиқ футболчи Грэм Сунесс ҳам Мартинесни "Манчестер Юнайтед"га мос эмас, ўйнаб кета олмайди деб ўйлаган. Аммо ҳозир бунинг аксини кўрмоқдамиз. Ҳа, Лисандронинг бўйи ҳимоячиларники каби барваста эмасдир. Аммо унинг ҳаракатлари жамоасига катта фойда олиб келмоқда. Қуйида Мартинесга ўхшаш ҳикоялар ҳақида сўз боради.
Франко Барези
Футбол тарихидаги энг яхши марказий ҳимоячилардан бирининг бўйи 1 метр 70 сантиметрга етмасди. Ҳа, у бақувват эмасди. Ҳатто тезкорлик борасида ҳам мақтана олмасди. Аммо ҳеч қачон нотоғри ҳаракат қилмасди. Франконинг барқарор ўйинлари ҳаммани лол қолдирган. Унинг босиб ўтган йўли кўпчиликка, жумладан, Паоло Мальдинига ҳам ўрнак бўлган. Барези 20 йиллик фаолияти давомида фақат "Милан" шарафини ҳимоя қилди. Бу даврда ҳимоячи 719 та баҳсда клуб, 81 та ўйинда эса Италия терма жамоаси сафида майдонга тушиб, афсонага айланди.
Карлес Пуйоль
Мартин Киоун 2010 йилда бўйи 5 футдан баландроқ бўлган ҳимоячи ҳақида шундай деган: "Ҳа, уни бу сочлари билан ҳеч ким пастак демайди. Балки ҳақиқатдан унинг бўйи ҳимоячи учун нормалдир".
"Барселона" афсонаси ҳақиқий етакчи эди. У фаолиятининг сўнгги даврида ўз билимларини ўша пайтда энди етишиб чиқаётган авлодга, Жерар Пикега улашиб кетган. Пуйолни Франк Райкард ва Пеп Гвардиола энг яхши ҳимоячи сифатида таърифлайди. Бу эса ҳақиқат эди.
Хавьер Маскерано
Аргентиналик футболчини бўй масаласи ўйлантирмасди. У ярим ҳимоячи ҳам бўлиши мумкин эди. Аммо Маскеранонинг ўзи мудофаани танлади. Гвардиолага 2011 йилда Пуйоль а Абидалнинг ўрнини боса оладиган номзод керак бўлади. Дастлаб, Серхио Бускетс синаб кўрилади. Аммо бу иш бермайди. Шундан кейин "Ливерпул"да ярим ҳимоя ва қанот ҳимоясида ўйнаган Маскерано танлаб олинади. Шу-шу, у олти мавсум давомида "Барселона" ҳимоясида ҳаракат қилди. Айтиш мумкинки, ҳозирда Хавьерни ҳамма "Барса"нинг ёрқин даврларидаги ёрқин сиймо сифатида кўради.
Фабио Каннаваро
Бўйи 170 сантиметр атрофида бўлган футболчи "Олтин тўп"га эришган саноқли ҳимоячилар сирасига киради. У 2006 йилда Италияни Жаҳон чемпионига айлантирган. Каннаваро ёшлигида "Наполи" ярим ҳимоячиси бўлган. Аммо унинг мураббийларидан бирига ҳимоячи керак бўлади ва Фабиони ортга ўтказади. Шундан кейин ҳаммаси ўзгарди. У "Парма", "Интер", "Реал" ва "Ювентус"да муваффақиятли ҳимоячи бўла олган. Каннаваро ўз фаолиятини шундай хотирлайди: "Биласизми, яхши футболчи бўлиш учун сизга бўй, тезлик ёки техника муҳим эмас. Энг асосийси, сизда ўзингизга бўлган ишонч бўлиши керак. Ҳимоячи сифатида сиз ҳар хил гавдага эга бўлишингиз мумкин: паст бўйли, аммо тез, баланд бўйли ва катта қадамлар билан чопадиган...
Буларнинг унчалик ҳам аҳамияти йўқ. Асосийси, майдонга чиққанингизда ўзингизга бўлган ишончингиз кучли бўлса, бўлгани".
Билли Райт
Футбол Райтнинг давридан бери анча ўзгарди. Билли тарихда терма жамоа билан 100 ўйинда зафар қучган илк футболчига айланган. Аммо унинг ҳимоячи сифатида бўйи пастроқ эди. Райт 20 йил давомида "Вулверхэмптон" ҳимоясида ҳаракат қилган. 1939-1959 йиллар давомида у Англиянинг энг кўзга кўринган юлдузлари қаторида эди. Ҳимоячи бўлишига қарамай, қаҳрамонимиз ўз фаолиятида бирорта сариқ ёки қизил карточка олмаган. Қолаверса, Райт кичик бўйи билан ҳавода фантастик ҳаракат қила олган ва асосий голларини бош билан киритган. Райт 90 маротаба Англия терма жамоасини сардор сифатида майдонга олиб тушган.
ИСМАТОВ Ж.