Энди хабарингиз бор, кеча "Насаф" жамоаси ўз қароргоҳида, яъни клуб базаси ҳудудидаги майдонда, Жиззахнинг "Сўғдиёна" жамоаси билан назорат учрашуви ўтказди. Мухлисларга ўйин ҳисоби ва кимлар майдонга тушгани ҳамда кимлар гол киритгани ҳам маълум...
Бизни ажаблантирган нарса шу бўлдики, ўйин нега ёпиқ ҳолда, мухлислар назаридан четда бўлиб ўтди. Ҳаммага маълумки, клуб базасига четдан одамларни кириши мумкин эмас. Демак, ушбу ўйинга мухлисларни ҳам кириши тақиқланади. Савол туғилади: хўш бу ўйин нега мухлислар назаридан четда ўтказилди? Ёки Қарши шаҳрида футбол майдони етишмайдими? Балки, айтадиганлар бордир "бу мураббийнинг иш услуби", – деб. Доимо баралла айтамиз футбол — мухлис учун, деб. Нега унда ўйинни ёки эл севган жамоани мухлислардан яширишмоқда. Ёки бу ерда шунчалар сирли нарса борми? Мухлислардан-а? Буни тушунмадик. Нега бошқа жамоалар назорат учрашувларини мухлислар кўз олдида ўтказишаяпти ёки бу жамоадаги мураббийлар Усмон Тошевга нисбатан соддароқми?
Албатта, мухлислар ўз севган жамоаси ўйинларини — хоҳ у ўртоқлик бўлсин, хоҳ бошқа ўйин бўлсин — кўргиси келади. Қолаверса, давралар ўртасидаги жамоада рўй берган ўзгаришларни билгиси келади, янги ўйинчилар билан сиртдан бўлса ҳам танишгиси келади. Лекин "Насаф"да кейинги ҳолларда негадир ўйинларни мухлислардан яшириш бўлаётгандек.
Яна бир ҳолат бу йил "Насаф" ўйинларига жуда кам мухлис ташриф буюрадиган бўлиб қолди. Бу ҳақда ОАВ ларида бот-бот гапира бошлашди. Биз шундан сўнг клубда мухлислар билан яқинроқ бўлиш ёки бўлмасам, улар билан яқинроқ мулоқотлар бўлишини кутдик. Афсуски бу ҳақда лом-мим дейишмаяпти. Ёки "Насаф"га энди мухлис керак эмасми? Жуда катта маблағ ва футболга жонкуяр инсонларнинг шунча саъй-ҳаракатлари эвазига бунёд бўлган, шундай ҳашаматли стадион ҳувиллаб қолаверадими? Нега бизнинг клубимизда мухлислар билан уларнинг дарди билан ҳеч ким қизиқмай қўйди? Хуллас кейинги пайтларда саволлар кўпайиб кетаяпти, лекин жавоб эса йўқ. Гўёки ҳаммаси жойида!
Мухлислар ҳозир қандай кайфиятда шу билан клуб мутасаддилари бир қизиқиб кўришса, фойдадан ҳоли бўлмасди. Мухлисларнинг стадионга кўп ташрифи клубга ортиқча маблағ олиб келади-ку! Ёки "Насаф" футбол клубига маблағ керак эмасми? Балки. Ҳозир биз бозор иқтисодиёти даврида яшаяпмиз, агар футбол клубини "товар ишлаб чиқарувчи" десак, мухлис ушбу "товар"га асосий харидор ҳисобланади. Бозорда сотувчи ўз молини сотиш учун ўзини не куйларга солмайди. Бизда эса футбол "пештахта остида".