Про-Лига 24-туридан ўрин олган "Шўртан" - "Арал Самали" учрашувидан сўнг "Шўртан" бош мураббийи Асрор Алиқулов матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб берди.
- "Арал Самали" жамоаси сўнги учрашувларни меҳмонда ўтказмоқда ва ўз дарвозасидан кўп тўп олиб чиқмоқда. Биз бугун рақибдан қарши ҳужумга асосланган ҳимоявий ўйинни кутгандик. Улар шу тактика асосида ҳаракат қилишди. Биз тезкор гол киритишимиз шарт эди. Биринчи бўлимда учта гол киритдик. Иккинчи бўлимда футболчиларимиз осойишталикка берилишди. Биз яна кўплаб вазиятлар яратдик. Лекин уларни голга айлантира олмадик. "Арал Самали" жамоаси учрашув сўнгига қадар чуқур ҳимоявий тактикасидан воз кечмади. Асосийси ғалаба қозондик, лекин иккинчи бўлимда гол киритмаганимиз мени қониқтирмади" - деб ўз фикрларини якунлади Асрор Алиқулов.
- Икки ўйиндир-ки Муҳриддин Зоиров асосий таркибдан ўрин олмаябди. Бунинг сабаби нимада?
- Олдинги беллашувда биз Асад Самариддиновнинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилгандик. Шу сабабли бугун ҳам унга имконият беришга қарор қилдик. У бугун гол урмаган бўлса ҳам рақиб ҳимоячиларини босим остида ушлаб турди. Муҳриддинни иккинчи бўлимда туширдик. Чунки рақиб ҳимоячилари биринчи бўлимда толиқишларини билардик. Лекин Зоиров бугун ўзининг яхши ўйинини ўйнади деб айта олмайман.
- Бекзод Сувонов анчадан буён захирада эди. Охирги ўйинларда унга имконият берябсиз ва у буни оқламоқда. Шу ҳақида...
- Бекзодни уйғотишга кўп вақт сарфладик. Унинг охирги ўйинларидан биз қониқиш ҳосил қилябмиз. сўнги икки ой давомида машғулотларда ҳам ўзини яхши кўрсатмоқда. Сувонов ўзининг меҳнатлари эвазига асосий таркибдан жой олмоқда.