Иккинчи даврага тайёргарликларни пойхатимизда давом эттираётган Ғузорнинг “Шўртан” клуби ихтиёрига яна янги футболчи келиб қўшилди.
Аслида бу футболчини янги деб айта олмаймиз. Сабаби, 2009 ва 2010 йилги мавсумларда жамоа шарафини ҳимоя қилган ҳужумчи, грузиялик легионер, ўзининг ажойиб ўйинлари ва голлари билан мухлислар мехрини қозона олган Георге Мегреладзе кеча тонгда мамлакатимизга учиб келди ва “Шўртан” машғулотларига қўшилди.
Ўтган йилги мавсумни Кутаисининг “Торпедо” клуби сафида ўтказган футболчи жорий мавсум бошида “Олмалиқ” клуби машғулотларида қатнашаётганди. Лекин, бевақт ўлим Георге Мергреладзенинг отаси – Мераб Мегреладзени 57 ёшида бу дунёдан олиб кетди. Мероб Мегреладзе ўз туғилган кунини ота-онасининг бағрида нишонлаш учун Махарадзе шаҳрига борганида, бир кундан сўнг туғилган кунини нишонлашга тайёргарлик кўраётганида кўз юмди... Шу сабабли, Георге “Олмалиқ” машғулотларини якунига етказмай, ўз юртига қайтиб кетганди.
Биринчи давра якунланиши арафасида “Шўртан”ни қабул қилиб олган Эдгар Гесс Георге Мегреладзени яна “Шўртан” машғулотларига таклиф этди.
“Албатта, мени машғулотларга таклиф қилишгани учун клуб раҳбарияти ва бош мураббийдан миннатдорман. Кутилмаган фожеа мен учун жуда оғир бўлди. Бошимга оғир кулфат тушганида “Шўртан” клуби раҳбарияти мени ёлғиз қолдириб қўйишмади ва мен ҳам ўз навбатида чиройли ўйинларим билан уларга раҳмат айтишга ҳаракат қиламан” дейди Георге Мегреладзе.
Эслатиб ўтамиз, "Шўртан" таркибида Фарҳод Тожиев, Мўйдин Мамазулумов, Игорь Таран ва Виктор Клишин каби ҳужумчиилар мавжуд.