Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта 2-0 Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа 1-2 Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас 1-5 Арсенал
21/12 22:30 Осасуна 1-2 Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе

Дидье Дешам: «Ҳар бир шогирдимни энг яхши ҳолатга чиқарсам, бас»

Баҳо:
+ | -

Франция терма жамоаси - Евро-2016 финалчиси ва ЖЧ-2018 чемпиони. Французлар Россияда иккинчи марта жаҳон тожи соҳибига айланишганди.

Бироқ амалдаги чемпион охирги 6та ўйинда атиги 1 бора ғалаба кўчасига кирди, боз устига, ўз майдонида Дания ва Хорватия термаларига ютқазди. Хўш, бу натижалар жамоа бош мураббийи Дидье Дешамни нечоғли хавотирга солмоқда, сизнингча? У ҳар қандай тақдирда ҳам, Қатарга фақат жаҳон кубогини кўзлаган ҳолда боради, барибир. Ҳар ҳолда, тажрибали мураббий ФИФА расмий сайтига берган кенг кўламли интервьюсида жамоасининг сўнгги ўйинлардаги муваффақиятсизликларига кўпам эътибор қаратмасликни маслаҳат берди ва шогирдлари чемпионлик унвонини ҳимоя қилиш салоҳиятига эга эканликларини баралла таъкидлади.

- Келинг, суҳбатни 1998 йил воқеалари хусусида бошласак. ЖЧда футболчи сифатида ғолиб бўлиш қандай эканлигини айта оласизми?

- Ўша лаҳзалардаги эҳтирос, қувонч ва телбаворликни сўз билан ифодалаб беришим қийин. Турнирнинг Францияда ташкиллаштирилгани ҳис-туйғуларни янада кўпиртириб юборганди. Қолаверса, мамлакатимизга биринчи марта жаҳон кубогини тақдим этганимизни ҳам унутмаслик керак. Хуллас, ўша ғалабамиз ортидан Франциянинг ҳар бир фуқароси чемпионлик туйғусидан баҳра олгани яққол сезилганди. Оддий айт­ганда, унутилмас ажойиб кунларни бошдан ўтказган, жуда кўп ёқимли туйғуларни баҳам кўрган ва шунга яраша чинакамига ғурурга тўлгандик.

- Ҳозирги жамоангизда 1998 йилги тажрибадан ҳам фойдаланасизми?

- Албатта, футболчилик даврида тўпланган тажриба менга аввалига клуб мураббийи ролида асқотди, энди 10 йилдан буён Франция миллий жамоасини бошқаришда катта ёрдам беряпти. Чунончи, ҳар доим ўйинларда ўша вақт тажрибасидан ҳам кенг фойдаланаман. Шогирдларим дуч келадиган ҳолатларга ўхшаш вазиятларни шахсан бошдан кечирганим улар билан дўстона мулоқот ўрнатишимда муҳим аҳамиятга эга. Катта ғалабадан сўнг футболчи ҳам, мураббий ҳам деярли бир хил ҳолатга тушади. Демоқчиманки, ЖЧда футболчи ва мураббий сифатида ғолиб чиқишнинг ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. 2018 йили Россияда футболчилар билан буни амалда синаб ҳам кўрганимдан бағоят мамнунман.

- Статистикага қарасак, Франция термаси охирги 6та ўйиннинг атиги 1тасида ғалаба қозонди. Бу ҳолат сизни хавотирга солмаяптими?

- Тушунинг, ҳамон амалдаги жаҳон чемпионимиз. Энг юқори чўққида турган пайт ўсиш жуда қийин. Ҳозир бош­қа терма жамоалар ҳам астойдил ишламоқда, муваффақият сари одимлашга зўр бермоқда. Рақобат даражаси баланд ва бундай ҳолатда қайсидир жамоанинг муайян ўйинларда натижа кўрсатолмаслиги - табиий жараён. Муҳими, Франция термаси чинакам рақобатбардош куч бўлиб қолмоқда ва ҳозир ҳам нафақат Европа, балки бутун жаҳоннинг энг яхши жамоалари қаторида турибди. Умуман, жаҳон чемпионати каби йирик мусобақалар арафасида ҳар доим бош соврин ютиш имкониятига эга 7-8та жамоа топилади. Ҳозир Франция термаси шулардан бири, шубҳасиз.

- Хўш, даъвогарлар ҳақида нима дейсиз - Қатар-2022да қайси жамоалар чемпион бўлишга муносиб ва қодир, сизнингча?

- Ҳар доимгидек Жанубий Американинг икки гиганти - Бразилия ва Аргентина термаларини тилга олиш жоиз. Шунингдек, Европадан 5-6та яққол даъвогар бор - Англия, Испания, Бельгия, Франция, Германия, Хорватия термалари. Қисқаси, Қатарда ҳам кубок учун катта тажрибага эга ва сўнгги турнирларда рақобатбардош эканлигини исботлаган анъанавий кучли жамоа­лар ўртасида кураш кечса керак.

- Энди Франция термасининг гуруҳ раундидаги рақиблари бўйича хулосангиз билан ўртоқлашсангиз...

- Дания термаси қаттиқ қаршилик кўрсатишини яхши биламиз. Айни пайт бу жамоа жуда кучли, лекин кўпчилик унга тўғри баҳо бермаяпти. Данияликлар индивидуал фазилатларга эгалар. «Динамит» - мустаҳкам бирлик. Жамоанинг Евро-2020да кўрсатган ўйинию, натижаси ва жаҳон рейтингидаги ўрни ҳаммасини айтиб турибди. Саралаш босқичи «плей-офф» ўйинида Перу термасини нокаутга учратган Австралия жамоаси ҳам кучли эътиборга лойиқ. Тунис термаси ҳақида эса етарлича маълумотга эгамиз, чунки кўплаб футболчилари Франция клубларида ўйнашади. Хуллас, ҳеч бир ўйин осон кечмаслигини тушуниб турибмиз. Ахир гап дунё футболидаги энг мураккаб мусобақа ҳақида кетмоқда. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, барча рақиблардан устунлигимизга руҳан ишонишимиз шарт.

- Килиан Мбаппе хизматидан қандай фойдаланишни режалаштиряпсиз? Бу йигитнинг оғирроқ характери муаммо эмасми? 

- Килиан - вақти-вақти билан юзага қалқиб чиқадиган ғайриоддий иқтидор. Жамоада шундай феномен борлиги ёқимли, албатта. Мбаппе франциялик эканлиги - бахтимиз. Дейлик, у Россияда ҳам ғалабага салмоқли улуш қўшди. Килианнинг салоҳиятини яхши биламан - Қатар мундиалида ҳам бош ролга даъво қилиши та­йин. Статистик маълумотларга қарасак, унинг аллақачон ғайриоддий ишларни уддалагани ойдинлашади. Характерига келсак, Килиан инсоний даражада ҳам жуда савияли ва ақлли йигитдир. Ҳамма эътироф этадиган истеъдодини назарда тутсак, уни олдинда кўплаб катта зафарлар кутиб турибди.

- Мбаппедан ташқари, таркибга қайтган Карим Бензема ҳам бор. У гуруҳга айнан нима олиб кирди?

- Карим жаҳон футболининг энг кучли ҳужумчиларидан бири, шубҳасиз. Ниҳоятда ҳаракатчан йигит. У ҳозирги жамоани шакллантиришда муҳим ролга эга. Ҳужум ҳаракатида фаол иштирок этиши эса, биз учун яхшиликдан нишона. Бўлажак мундиал Бензема учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Ҳар ҳолда, катта эҳтимолки, фаолиятидаги сўнгги жаҳон чемпионати бўлиб қолса керак. Карим майдон ташқарисида бой тажрибасини ёшлар билан баҳам кўришга мойил, муҳими, бунда эътиборни ўзига қаратиш ёки етакчи эканлигини англатишни ўйламайди, аксинча, майдонда ўрнак кўрсатадиган дўст сифатида гавдаланишни ёқтиради.

- Футбол фалсафангизни қандай тавсифлайсиз?

- Фалсафамми? Тўғриси, бу иборанинг футболда ишлатилиши унча тўғри эмас. Менимча, фалсафа ҳаётий атама ва кўпроқ бошқа соҳаларга тааллуқли. Иш услубимга келсак, ҳар доим бир жиҳатга интиламан: Жамоам рақибга имкон қадар кўпроқ муаммо туғдириши керак. Ҳар бир тактик чизма мутлақо нисбийдир. Менда эса аниқ белгиланган чизма йўқ. Ҳаммаси ихтиёримда мавжуд йигитлар ва уларнинг ўйинчилик фазилатларига боғлиқ. Шунингдек, рақибга қараб тактикани тез-тез ўзгартирадиганлар тоифасига кирмайман. Тизим қандайлигидан қатъий назар, мақсад битта - ҳар бир футболчининг энг яхши ҳолатга чиқариш. 

- Футболчи ва мураббий сифатида 3та мундиалда иштирок этгансиз. Агар сиздан улардан алоҳида бир лаҳзани ажратиб кўрсатиш сўралса...

- Тўхтанг, икки муҳим лаҳза борки, улардан бирини танлай олмайман. Албатта, 1998 ва 2018 йиллардаги ғалабани назарда тутяпман. 2014 йили ҳам яхши ўйнаган бўлсак-да, маррага етолмагандик. Аллақачон айтганман ва яна такрорлайман: жаҳон чемпионати - футболнинг мутлақ чўққиси. Қайси турнирда ғалаба қозонишингиздан қатъий назар, ЖЧ бошқа даража, барибир. Бу - глобал ҳодиса!

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 12:48, 09.11.2022.
Ўқилди: 1343 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.