Про Лига 26-тур «Шўртан» — «Ғиждувон» (1:1) учрашувидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Асрор Алиқулов иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб берди.
— Бугунги ўйинни жуда ҳам шиддатли кечди дейиш мумкин. Биз ҳам Ғузордаги сўнги беллашувда мухлисларимиз олдида ғалаба қозонишни ният қилган эдик. Тўп киритдик. Ҳисобда олдинга чиқдик. лекин икки ўйиндирки ғалабани ушлаб қола олмаяпмиз. Ҳимоячимизнинг қўпол хатосидан сўнг гол қўйиб юбордик. Охиригача ғалаба қозониш учун ҳаракат қилдик. Лекин буни эплай олмадик.
— Асрор ака, ўзингиз ҳимоячи бўлгансиз. Бугун Шоҳзамон Хайруллаевни ҳаваскорларга хос хатоси жамоани икки очкодан маҳрум қилди. Умуман ўша гол ўтказиб юборилган вазият ҳақида нима дейсиз?
— Тўпни қабул қилишдаги техник хато эвазига гол ўтказиб юборилди. Ҳозир у ҳам кийим алмаштириш хонасида тушкунликка тушиб қолди. Бунақа хато футболда учраб туради. Лекин ҳимоячи бунақа хато қилмаслиги керак эди. Лекин бу гол ўтказиб юбориладиган даражадаги қийин вазият эмасди. Унинг бу хатоси бизни икки очкодан маҳрум қилди.
— Бугун «Ғиждувон» меҳмон сифатида ташриф буюрган бўлсада, лекин ҳужумчи билан ҳаракат қилди. «Шўртан» эса ҳужумчи ўрнига ҳужумчини майдонга туширди. Захирадан тушган Зоиров гол уришга эришди. Зоиров иккинчи бўлим футболчисими?
— Йўқ. Биз таркибда ротация ҳам қилиб турибмиз. Асад Самариддиновга кўп имконият бера олмадик. Ҳам бу беллашувда Янгиердаги учрашувни ҳам инобатга олиб ҳаракат қилдик. Олдинги турда Муҳриддин ўзини кўрсата олмаганди. Шу сабабли Самариддинов асосий таркибдан ўрин олди. Зоиров иккинчи бўлимда жамоамизга тўлиқ куч билан қўшилишини ва олдинга тортишини мақсад қилгандик. Ўйлайманки, бу тўғри қарор бўлган эди. Чунки Муҳриддин гол киритди ва рақиб ҳимоясини босим остида ушлаб турди. Аммо унинг голи бизга ғалаба келтирмади.
— Бугун «Ғиждувон» гол киритилгандан сўнг ўйинни чўзгандек бўлди. Бунга нима дейсиз? «Шўртан» шундай вазиятда бўлганида вақтни чўзармиди? Мураббий сифатида нима дейсиз?
— Бизнинг асосий мақсадимиз ёш футболчиларни катта футболга тайёрлаш. Рақибнинг қандай услубда ўйнаши бу уларнинг режасига боғлиқ. Биз ғалаба қозонганимизда ҳам, Янгиерда бўлиб ўтган учрашувда ҳам чемпионат давомида ҳам бундай йўл тутмаганмиз. Чунки биз футболчиларга имкон берамиз. Уларнинг ҳозирги меҳнатлари уларнинг келажагига ўз таъсирини кўрсатади. Биз футболчиларга майдонда курашишларига қўйиб берамиз. Лекин ғалаба қозонаётган бўлсак, ҳимояланишни ҳам унутмаслик керак. Таблодаги ҳисобга қараб ўйнашни билиш керак.
"Шўртан" ПФК матбуот хизмати