Равшан Эрматов бошқариб борган Буюк Британия ҳамда Сенегал олимпия терма жамоалари ўртасидаги ўйин 1:1 ҳисобида дуранг натижа билан якунига етди. Ушбу ўйин 2012 йилги Лондон Олимпиадаси футбол мусобақаларининг гуруҳ босқичи 1-турини якунлаб берди.
Учрашувнинг 20-дақиқасида уэльслик ҳужумчи Крейг Беллами Буюк Британия олимпия терма жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, ўйин якунланишига 8 дақиқа қолганида Сенегал терма жамоаси аъзоси Конате ҳисобни тенглаштирди.
Ўйин ҳақида шарҳ ёзган "Телеграф" интернет сайти: "Ўзбек ҳаками Равшан Эрматов Буюк Британия терма жамоасига ёрдам бермади. У ўйинни холис бошқарди ва хатога йўл қўймади", дея ёзади.
Гуруҳнинг иккинчи учрашувида Бирлашган Араб Амирликлари олимпиячилари Уругвайга 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришди.
Равшан Эрматов 2010 йил ЖАРда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг очилиш ўйинини ҳам бошқарган, ўша ўйинда ҳам мезбонлар терма жамоари Мексика билан 1:1 ҳисобида дуранг натижа қайд этган эди. ўша ўйинда ҳам Равшан Эрматов жами тўрт марта сариқ карточка кўрсатган эди.
2010 йилги жаҳон чемпионатида Эрматовга қанотларда ўзбекистонлик Рафаел Илёсов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров ёрдам берган бўлса, Лондон Олимпиадасида Илёсов ўрнида ўзбекистонлик бошқа бир лайнсмен – Абдуҳамидулло Расулов ҳаракат қилмоқда.