"Манчестер Юнайтед" футболчилари португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналдунинг клубни тарк этиш қарорини ҳурмат қилишлари керак. Бу фикрни “Манчестер Юнайтед” ва Португалия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Бруну Фернандеш билдирди.
Роналду Қатардаги жаҳон чемпионати бошланишидан олдин Британиянинг The Sun нашрига интервью бериб, унда инглиз жамоасининг амалдаги бош мураббийи Эрик тен Хагни ҳурмат қилмаслигини айтди. 22 ноябрь куни “Манчестер Юнайтед” Роналду билан шартномани томонларнинг ўзаро келишувига кўра бекор қилганини эълон қилди.
"У мен билан бу вазиятни муҳокама қилмаган, менимча, бу воқеа фақат Криштиану ва унинг оиласига тегишли", - деди Фернандеш.
Биз бу мавзуда шахсан мулоқот қилмаганмиз. Биз бор эътиборимизни жаҳон чемпионатида ўйнашга қаратганмиз. Жамоамиз ўйинчилари турнирда ғалаба қозонишни орзу қиладилар.
"Манчестер Юнайтед" билан шартномани бекор қилиш билан боғлиқ вазиятга келсак, шахсан бу менга ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмайди, мен ҳеч қандай томонни тутмайман. Криштиану билан шундай клубда ўйнаш мен учун орзу эди, аммо ҳеч нарса абадий давом этмайди. Ҳозир у шундай қарорга келди, биз уни ҳурмат қилишимиз керак. Ишончим комилки, Криштиану билан бўлган вазият бизнинг жаҳон чемпионатидаги ўйинимизга таъсир қилмайди", - дея қўшимча қилди Фернандеш.