29 июль — Олимпия ўйинларининг иккинчи куни Ўзбекистон делегацияси учун, юмшоқ қилиб айтганда, у қадар омадли бўлмади. Яхшиямки, тун ярмидан оққанда Фазлиддин Ғойибназаров рақибини енгишга муваффақ бўлди. Акс ҳолда кунни бутунлай муваффақиятсиз деб атаган бўлардик.
Луиза Галиулина (спорт гимнастикаси).
Олимпиаданинг машҳур ибораси бор: “Асосийси натижа эмас, асосийси иштирок!”. Аммо бундай бахт Луиза Галиулинага насиб этмади. Халқаро олимпия қўмитаси томонидан Галиулинадан олинган допинг-тест ижобий натижа берди. Унинг қонидан фуросемид моддаси топилди ва гимнастикачи олимпия ўйинларидан четлатилди. ХОҚ яна бир марта спортчимизни допинг-назоратдан ўтказади ва шундан Луизага нисбатан дисквалификация чораси борасида бир қарорга келади.
Мирзоҳид Фармонов (дзюдо, 66 кг.)
Бир ғалаба ва бир мағлубият. Хайр, Олимпиада!
1/16 финал. Мирзоҳид Фармонов - Аҳмад Юсуф Элкависеҳ (Ливия) – 1011 – 0002
1/8 финал. Мирзоҳид Фармонов - Чо Жун-Хо (Жанубий Корея) – 0001 – 0011 (қўшимча вақт)
Руслан Макаров (оғир атлетика, 56 кг.)
Иккинчи кундирки, оғир атлетикачиларимизнинг мураббийлари спортчиларимизнинг имкониятларини тўғри чамалай олишмаяпти. Улар танлаган нотўғри тактика туфайли атлетларимиз баҳсни охирига етказа олишмаяпти. Макаров даст кўтаришда 117 кг.ни бир амаллаб кўтардию, силтаб кўтаришда ўзи буртма берган 145 кг.ни 3та уринишда ҳам ўзига бўйсундира олмади!
Бокс, 60 кг. 1/16 финал.
Фазлиддин Ғойибназаров (Ўзбекистон) - Меволи Абдон (Камерун) – 11:6 (2:2, 5:2, 4:2)
Боксчимизнинг нимчорак финалдаги рақиби — Хосе Рамирез (АҚШ)