Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси жаҳон чемпионатида ғалаба қозониш учун фаворитлардан бири бўлган Франция билан Қатарга йўл олганди.
Tеlеfoot нашрига берган интервьюсида у катта воқеълик олдидан ҳис-туйғулари ҳақида гапирди. Бироқ, минг афсуски, эски жароҳати ҳали тўлиқ тузалмаган экан ва машғулотлар пайти яна оғриқ сезди. Натижада «Олтин тўп»нинг амалдаги соҳибини мундиалда кўролмайдиган бўлдик. Шундай бўлсада, Карим Мустафонинг ЖЧдан умидларини эътиборингизга ҳавола этдик...
- «Олтин тўп» совринини қўлга киритишингизни билармидингиз?
- «Олтин тўп»ни қўлга киритмагунимча футбол ўйнашни тўхтатмоқчи эмасдим. Мен ҳар доим ўзимга ишонганман. Қачондир ўзимнинг фазилатларим ва амбицияларим туфайли уни ютишим мумкинлигини билардим. Шунинг учун ҳам сўнгги тўрт йил давомида бу совринни қўлга киритишга ҳаракат қилдим.
- Криштиану Роналду ушбу соврин билан сизни табрикладими?
- Йўқ ҳали табрикламади.
- «Реал»нинг охирги кўплаб учрашувларини ўтказиб юбордингиз. Иш қилиб жаҳон чемпионатида ўша барчамиз билган Карим Бенземани кўрамизми?
- Мен яхшиман. Бироз жиддий бўлмаган жароҳатим бор эди, лекин жуда бунчалик кўп ўйинлар учун бу нормал ҳолат. Ўзимга ғамхўрлик қилдим: формада бўламан ва терма жамоада бўламан. Шундай экан, ҳеч қандай муаммо йўқ. Энди диққатимни жамлаб нима қилишим кераклигига эътибор қаратаман. Ноқулайлик бор эди: ўйнай олардим, фақат 100 фоиз куч билан эмас. Энди эса майдонга чиқишим билан боримни бериб ўйнайман. Жисмоний жиҳатдан яхши ишлаяпман, шунинг учун ташвишланишга ҳожат йўқ.
- Бунга тиғиз тақвим сабабми?
- Биз футбол ўйнашни яхши кўрамиз. Муаммо шундаки, биз машина эмасмиз. Сиз ҳар доим 100 фоизга тайёр бўлишингиз ва ҳар уч кунда ўйнашингиз керак. Қайсидир лаҳзада жароҳатлар содир бўлади - бу нормалдир.
- Иккинчи мундиалдан нимани кутяпсиз?
- Кўп ғурур, қувонч, биз жаҳон чемпионати нимани англатишини биламиз. Турнир бошланишини сабрсизлик билан кутяпман.
- Турнирда барча Францияга фаворитларидан бири сифатида қарайди...
- Барча французлар бир хил фикрда: қоғозда биз энг зўрмиз («D» гуруҳида). Биз қўрқмаслигимиз керак, чунки жамоада иқтидорлар кўп. Футбол ҳар доим бир хил: майдонда 11 кишига қарши 11 киши ўйнайди. Шунинг учун биз амбицияли бўлишимиз, рақибимизни ҳурмат қилишимиз ва уччала ўйинда ҳам ғалаба қозониш учун бор кучимизни ишга солишимиз керак.
- Умуман чемпионатда ғалаба қозониш учун асосий фаворитлар кимлар?
- Бош фаворитларми? Бразилия фаворит, лекин Аргентина, Испания, Франция каби. Биз фаворит эканлигимизни баралла айтишимиз ва ғалаба қозонишни хоҳлаётганимизни кўрсатишимиз керак.
- Жаҳон чемпионати олдидан қандайдир босим ҳис қиляпсизми?
- Стресс йўқ, аксинча бошлаш, иштирок этиш истаги бор. Ушбу воқеани кутаётган миллионлаб одамлар олдида майдонда нима қилишимиз мумкинлигини кўрсатиш. Мана, мен Франция терма жамоаси сафида бўлишга лойиқ эканлигимни исботлаб, мамлакат номидан қатнашяпман.
- Франциянинг жаҳон чемпионлигини ҳимоя қила олишига ишонасизми?
- Шубҳасиз, ҳамма каби, лекин ўзимга: «Мен жаҳон чемпионатида ўйнашни хоҳлайман ва унда ғалаба қозонишим керак», демайман. Мен ёлғиз ўйнамайман, шунинг учун ўзимга ортиқча босим ўтказишдан фойда йўқ.
- Жаҳон чемпионати олдидан «Олтин тўп»га сазовор бўлганлигингиз қўшимча мотивация берадими?
- Бундан ҳам яхшироқ. Бу мен қилган барча ишларни кўрсатади. Нима учун совринга лойиқ эканлигимни исботлашимга имкон беради.
- Бензема, шубҳасиз замонамиз ёшлари учун ҳақиқий намуна бўла оладиган етук футболчилардан бири...
- Мен ўша ёшларнинг вакилиман ва нафақат туманлардан. Шу боис ёшларга ўрнак бўлдим. Зизу (Зинедин Зидан) билан намунали бўлиш ва ҳар сафар майдонга чиққанимизда фақат тўп ҳақида эмас, балки атрофимиздаги ҳамма нарса ҳақида ўйлашимиз ҳақида гаплашамиз.
МУҲАММАДХОН тайёрлади