Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Леван Мдивнишвили: «Африкадан Андижонни устун қўйдим»

Баҳо:
+ | -

Грузиялик тажрибали ҳужумчи Леван Мдивнишвили яна «Андижон»га қайтди. У 2008 ва 2009 йиллар мобайнида ушбу жамоа сафида тўп суриб мухлислар олиқишига сазовор бўлган.

Гол уриш қобиляти юқори бўлган Мдивнишвилининг техникаси ҳам кучли. «Андижон»га эса айнан шундай ҳужумчи керак эди. Владимир Шишелов кетгач ҳужум чизиғида муаммолар пайдо бўлганга ўхшади. Бундай вазиятда Леваннинг қайтиши айни муддаодир. Қолаверса, мухлислар ҳам унинг қайтганидан жуда хурсанд бўлдилар ва грузиялик футболчини жуда илиқ кутиб олдилар.

— Уч йиллик танаффусдан кейин яна «Андижон»га қайтдингиз. Собиқ клубингиздан таклиф олганингизда буни қандай қабул қилдингиз?
— Аллақачон «Андижон»га келишни хоҳлагандим. Олдин бу ерда ўйнаганим учун жамоани соғингандим. Менга таклиф билан чиқишгач дарҳол розилик билдирдим.

— Демак, «Андижон»ни бунгача ҳам кузатиб келгансиз, шундайми?
— Албатта, интернет орқали жамоани кузатдим. Клубнинг сайтидан воқеалар ривожидан хабардор бўлиб бордим. Афсуски, биринчи даврадаги натижа яхши эмас. Аммо иккинчи даврада жамоани кўтаришга ҳаракат қиламиз.

— Олдин «Андижон»даги фаолиятингиздан кейин бир муддат «Хоразм»да ҳам ўйнадингиз. Умуман, шу кунга қадар кечган фаолиятингиз хусусида мухлисларга гапириб берсангиз.
— Мен «Шўртан»да ҳам ўйнашим мумкин эди. Лекин охирида келиша олмадик. Кейин «Хоразм»га бордим. У ерда ҳаммаси яхшидек кўринганди. Бироқ молиявий томондан муаммолар кўпайиб кетгани боис мавсум ўртасида у ердан кетдим. Шундан кейин фаолиятимни Озарбайжонда давом эттирдим. Менга «Ганжа» клубидан таклиф тушгани сабабли уни қабул қилдим. Охирги бир ярим йилни эса Грузияда ўтказдим. Олий дивизионда қатнашувчи «Колхетти» жамоаси шарафини ҳимоя қилдим.

— «Андижон»га қайтгач, бу ерда қандай ўзгаришларни кўряпсиз?
— Мен ўйнаган пайтда Икром Ибрагимов, Иброҳим Отахонов, Юрий Цой каби футболчилар ҳам бор эди. Ҳозирда клуб асосий эътиборини ёшларга қаратяпти. Ўринбосарлар таркибида ўйнаб юрган футболчиларнинг бир нечтаси асосий таркибда ўйнашаётгани қувонарли. Мен ҳали жамоа ўйинини кўрганим йўқ. Лекин ўзгаришлар ижобий томонга эканлиги кўриниб турибди.

— Бош мураббий Александр Аверьянов билан ҳам гаплашдингиз. У сизда қандай таассурот қолдиряпти?
— Ҳа, мураббий билан гаплашдим. Машғулотлар пайтида футболчилар билан яхши тил топишади. Шунинг учун машғулотлар қизиқарли ўтяпти. Унинг замонавий мутахассис эканлиги кўриниб турибди. Қисқаси, Аверьянов яхши таассурот қолдирди. Мен ҳам уларда илиқ таассурот уйғотишга бор кучим билан ҳаракат қиламан.

— «Андижон»даги ўйинларингизни мухлислар ҳалигача гапиришади. Кетма-кет голлар уриб жамоага фойда келтирганингизни улар унутишмаган. Бу сафар ҳам улар сиздан аввалгидек шижоатни кутишяпти. Сиз бунга тайёрмисиз?
— Мен ўзимни кўрсатишга тайёрман. Лекин Грузия чемпионати тугаганига бир ой бўлди. Бу пайтда эса ўзим шуғулланиб турдим. Айни пайтда ўзимни яхши ҳис қиляпман. Мухлисларга аввалги ўйинларимни унутишмагани учун раҳмат. Тўғри, олдинги жамоамиз кучлироқ эди. Ҳозир эса қандайлигини билмайман. Чунки «Андижон»га энди қўшилдим. Лекин машғулотлардан шу нарса билиняптики, жамоа яхши ўйин кўрсатишга қодир. Мен ўз голларим билан фойда келтириш учун келганман.

— Биринчи даврада «Андижон» сафида Владимир Шишелов 7та гол билан жамоа тўпурари бўлди. Сиз у ҳақида билармидингиз?
— Интернетда унинг голлар урганини кўрганман. Аммо Шишеловни танимайман.

— Илгари бу ерда сиз билан бирга тўп суришган Зура Замсашвили билан Тенгиз Кобиашвилининг бугунги ҳолати қандай?
— Зура «Чухара» клубида самарали ўйин кўрсатяпти. Тенгиз эса «ВИТ-Жоржия» жамоасида болалар мураббийи бўлиб ишламоқда. Зура билан доимо гаплашиб тураман.

— Ҳозирда қандай мақсад учун курашасиз?
— Мен биринчи навбатда кўпроқ гол уришга ва кўпроқ ғалаба қозонишга ҳаракат қиламан. Стадион мен учун таниш. Айнан ўша стадионда ажойиб ўйинларимни ўтказганман. У ерда яна голлар уриб мухлисларнинг кайфиятини кўтариш мен учун жуда ажойиб бўлади. Тўғрисини айтсам, мени Жанубий Африкада кутишаётганди. Барча ҳужжатлар расмийлаштирилганди. Аммо «Андижон»дан қўнғироқ бўлгач мен ўзим учун қадрдон бўлган жамоага ошиқдим.

— Африка варианти сизда қандай пайдо бўлди?
— У ердаги клубда менинг дўстим ўйнайди. Менинг ўйинларимдаги дискларни улар кўришгач таклиф билан чиқишганди.

— Барибир қарорингизни ўзгартиришга нима мажбур этди?
— Юқорида айтганимдек, Андижонни соғинганман. Ҳаттоки менга африкаликлар авиабилетларни ҳам буюртма бериб қўйишганди. Уларга ҳужумчи керак эди. Шунинг учун дўстим мени тавсия қилган. Лекин «Андижон»дан таклиф бўлиши мен учун айни муддао бўлди. Бу ерда мухлислар олдида ўйнаш бошқача. Шу кунгача андижонлик фанатларга ўхшаганларни бошқа жойларда учратмадим.

— Сизни мухлислар жуда ёқтиришади. Легионер футболчининг ишқибозлар эътиборини тортиши осон эмас. Сиз бунга қандай эришдим деб ўйлайсиз?
— Мени яхши кўришларига жавобан янада яхшироқ ўйнаб голларим билан жамога фойда келтиришга ҳаракат қиламан. Умид қиламанки, уларнинг меҳрини яна қозонаман.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Манба: www.andijon-pfc.uz
Киритилди: 16:58, 31.07.2012.
Ўқилди: 5967 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.