"Record Sports Daily" журналисти Флавио Микель Силва Португалия терма жамоасининг Швейцария устидан қозонилган ғалабаси (6:1) хусусида ўз фикрини билдириб ўтди.
«Барча шокда! Ҳеч ким Португалиядан бундай натижа кутмаганди. Швейцария Бразилияга қарши зўр ўйин кўрсатди. Португалия яқинда бўлиб ўтган баҳсда Швейцарияни қийинчилик билан мағлуб этганди. Гонсалу Рамушнинг ҳисобни очувчи голи мазкур ўйиннинг қироли бўлди. Барча хурсанд бўлди, чунк футболчилар яхлит жамоа сифатида ҳаракат қилишди. Фақат шахсий рекордлари кетидан қувлайдиган бир футболчи бундан мустасно.
Португалия жуда яхши ўйнади, Рамуш "хет-трик"ни расмийлаштирди, аммо у Пеле давридан буён ЖЧ тарихида плей-офф босқичида бир ўйинда 3та гол урган энг ёш футболчи бўлганига ҳеч ким аҳамият бермади. Ҳамма Роналду ҳақида гапирмоқда. Энди қаранг: Португалия терма жамоасининг фарқи шундаки, агар Роналду таркибда бўлса, у югурмайди, ҳимояда иштирок этмайди, у қопга ўхшайди, гўёки бошқа жамоа сафида ўйнаётгандек.
Португалия финалгача етиб борадими? Мен терма жамоамизнинг кечагидек катта иштиёқ билан ўйнаганини эслай олмайман. Аммо Португалия ёмон ўйнаб ҳам Евро-2016да ғалаба қозонганди. Ким билади дейсиз, эҳтимол мазкур жаҳон чемпионатида ҳам шундай тарих яна такрорланар», — деди Силва Sport24 мухбири билан суҳбатда.
Эслатиб ўтамиз, португалиялик ушбу журналист Швейцарияга қарши ўйиндан олдин ҳам Криштиануни кескин танқид қилганди.