Кеча, 2 август куни Қашқадарё футбол федерациясида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишдан мақсад вилоят биринчилигининг иккинчи босқичига қуръа ташлаш бўлди. Қашқадарё лигасининг дастлабки босқичида жами 21та жамоа икки гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этганди.
Иккинчи босқичда эса энг кучли деб топилган ўнта жамоа икки гуруҳга бўлинди. Шунингдек, «А» гуруҳига олтинчи жамоа бўлиб биринчи лиганинг кейинги босқичига ўта олмаган «Машъал-Академия», «В» гуруҳига эса Косоннинг «Ёшлик» жамоаси қўшилди.
Бизга маълум бўлишича, «Ёшлик»нинг биринчи лигада қатнашиш-қатнамаслиги бугун расман маълум бўлар экан. Агар косонликлар ПФЛ томонидан биринчи лиганинг иккинчи босқич ўйинларига қўйилмаса, унда иккинчи лигада тўп суришади. Шу боис ҳам ҳозирча Қашқадарё футбол федерацияси вакиллари бу клубни «В» гуруҳга киритишди.
Қизиғи шундаки, вилоят биринчилигининг навбатдаги ҳал қилувчи босқичида «Машъал-Академия» билан «Ёшлик» конкурсдан ташқари иштирок этишади, яъни бу жамоалар биринчи босқичда қатнашишмагани учун улар шунчаки қўйилди. Бизга маълум бўлишича, ҳар бир гуруҳдан иккитадан кучли жамоа плей-офгга йўл олади ва ярим финал ўйинини ўтказишади. Кейин эса учинччи ўрин учун баҳс ҳамда финал учрашуви бўлиб ўтади.
Яна шуни айтиб ўтиш лозим, «В» гуруҳида иштирок этадиган «Машъал-96» ўз ўйинини 4 август куни бошлайди. Шу куни Вали Келдиев ва Икрем Репатов шогирдлари сафарда Китоб жамоасига қарши майдонга тушишади.
Микола Лапа бошқараётган «Машъал-97» эса ўзининг биринчи учрашувини 12 август куни ўтказиши кутиляпти. Чунки унгача жамоа Тошкентда бўлиб ўтадиган «Пахтакор-79» хотира турнирида қатнашади.
Қашқадарё лигаси. 2-босқич. Қуръа натижалари.
«А» гуруҳи – «Машъал-97» (Муборак), «Насаф-96» (Қарши), «Шўртан» (Ғузор), «Семурғ» (Яккабоғ), «Нуристон», «Машъал-А» (Муборак).
«В» гуруҳи – «Насаф-97», «Машъал-96», «Чироқчи», «Олимпия» (Қарши), «Китоб», «Ёшлик».