Бир ухлаб туриб интернетга кирсам, ҳаммаёқ Мессининг ўйин пайти эмоциялари, ўйиндан кейинги реакцияларига тўлиб кетибди. Аксар одам Леога бу ишлар ярашмаганини ёзишибди. Уят, уят, деб…
Қўйингларе, шу бола биринчи марта Аргентина либосида МЕНи билан, ЎЗИ бўлиб ўйнамоқда. Инсонлар каби шод бўляпти, жаҳли чиқяпти, ичида қолиб кетган туйғуларини чиқариб ташлаяпти. Доимий кўриб юрганимиз - “ақлли бола” режимидан чиқиб аслини кўрсатмоқда, муҳими, ҳиссиётларида алдамаяпти…
Менга шу Лео маъқулроқ, пиар компаниясидан сочини қай тарафга тарашни сўрайдиган, интервьюга икки кунлаб матнни ёдлаб чиқадиган сохта Лео эмас, гоҳида ўта ғазабнок, гоҳида телбаларча гол нишонлаётган табиий йигит ёқимли. Чунки у ҳеч кимни алдамаяпти. Айбли иш қилаётганда ҳам ўзини оммадан яширмаяпти. Инсон боласи эканини кўрсатмоқда.
Яхшилаб ўйлаб қарасак, бу Лео нафақат бизга, балким ўзига ҳам жуда зарур. Чунки мундиални шу ростлик билан, шу жиннилик билан енгиш мумкин. Диего характерини ўзига жо қилибгина кубокни боши узра кўтариши мумкин. Акс ҳолда, “одобли” бўлиб Олтин тўпларни қалаштириб юрса ҳам орзиқиб кутилган соврини ёнидан ўтиб кетаверади.
Хайрулла Ҳамидов.