Португалиялик ҳужумкор ярим ҳимоячи Бруну Фернандеш Марокашдан учралган мағлубиятдан сўнг (0:1) ҳафсаласи пир бўлганини яширмади.
Олдинроқ португалиялик ҳимоячи Пепе ўз норозилигини билдириб, аргентиналик ҳакам Факундо Тельони ўйинга тайинлаш қарорини тушунарсиз деб атаган, шунингдек, кубокни муддатидан аввал Лионель Мессига топширишга чақирганди.
Бруну Фернандеш жамоадошини қўллаб-қувватлади: "Ўйиндан олдин бизни нима кутаётганини ва аргентиналик ҳакам қандай ишлашини яхши тушунгандик. Бу ерда португалиялик ҳакамлар йўқ, лекин негадир мамлакати ҳали турнирни тарк этмаган аргентиналик ҳакамлар бор. Улар аниқ бизга қарши ва эҳтимол улар кубокни Аргентинага беришни исташаётгандир", - деди Фернандеш Sportstar билан суҳбатда.