Бразилия, Нидерландия ва Бельгия Қатардаги муваффақиятсизликдан кейин ўзига янги мураббий қидиришга тушган. Испания эса аллақачон янгисини топди. Қуйида чиқиш эшиклари кўрсатилган мутахассислар номи келтириб ўтилади.
Тите – Бразилия
61 ёшли мутахассис жамоаси Хорватияга қарши чорак-финал баҳсида мағлуб бўлди. Шу сабаб у кетишини маълум қилганди. У 2016 йилда Дунга ўрнига олиб келинган. Бу ҳақида Титенинг ўзи шундай дейди: "Олдин ҳам айтганимдай, менинг даврим ниҳоясига етди. Мен бу гапни сўнгги бир ярим йил ичида такрорлаб келаяпман. Бундан фожиа ясамаслигингизни сўрардим. Чунки мени ўрнимни эгаллаши мумкин бўлган кўплаб профессионал мураббийлар бор. Ҳа, фаолиятимнинг таҳлил қилиниши мумкин бўлган жиҳатлари бор. Аммо ҳаммаси тугади".
Луи ван Гал – Нидерландия
Ван Гал аллақачон нафақага кетмоқчи эди. Қачонки, Рональд Куман "Барселона"га йўл олганида, уни яна учинчи муддатга терма жамоага чақиришга мажбур бўлишди. Унинг соғлиғида муаммолар бор эди. Шундай бўлсада, у Қатарга келди. Ишдан бўштилгач, ван Гал шундай дейди: "Аввало, мен ортиқ давом эта олмасдим. Мен маълум вақтга ишлаш учун рози бўлдим ва шу вақт поёнига етди. Мана шу давр мобайнида 20 дан ортиқ баҳсларда мураббийлик қилдим ва бирортасида мағлуб бўлмагандик. Буни ўзингиз ҳам Google қидирув тизимидан кўриб олишингиз мумкин".
Паулу Бенту – Жанубий Корея
Корейслар нимчорак финалга драматик тарзда етиб келди. Катта курашлар билан осиёликлар гуруҳдан, балки ўлим гуруҳидан чиқди. Аммо сўнгги 16 таликда ўта қудратли, Бразилияга дуч келиб, 4-1 ҳисобида имкониятни бой берди. Шу туфайли португалиялик Бенту 3 йиллик фаолиятидан кейин ишдан олинди. У бу ҳақида шундай дейди: "Мен кетиш қарорига сентябрь ойидаёқ келганман. Бу қарор қатъий ва ўзгармас. Мен билан бўлган ҳаммага миннатдорчилик билдираман".
Луис Энрике – Испания
Испания Марокашга имкониятни бой бергач, тезлик билан мураббийни алмаштирди. Энрике ўрнини Луис де ла Фуэнте эгаллади. Бу ҳақида Испания футбол федерацияси шундай дейди: "Испания терма жамоасида янги лойиҳа бошланиши эълон қилинади. ИФФ Луис Энрикега кўрсатган хизматлари учун миннатдорчилик билдиради". Эндиликда Луис Энрике клублар футболига қайтиши кутилмоқда.
Херардо Мартино – Мексика
Собиқ "Барса" ва Аргентина терма жамоаси устози Қатарга буни кўзлаб келмагани аниқ эди. Унинг жамоаси гуруҳ баҳсида Аргентинага мағлуб бўлди. Польша билан дуранг ўйнади. Саудия Арабистони устидан ғалаба қозонди. Аммо бу гуруҳдан чиқиш учун етарли бўлмади. Мартинонинг ўзи бу ҳақида шундай дейди: "Менинг бу ердаги шартномам 3-ўйинда, ҳакам финал хуштагини чалганида якун топди. Буни тушунаман. Ҳа, бу катта йўқотиш. Аммо жамоанинг натижаларига мен жавобгар эдим". Мексика футбол федерацияси келаси икки ой ичида янги мураббий тайинлашини билдирди. Номзодлар орасида Марсело Бьелса ҳам бор.
Роберто Мартинес – Бельгия
Бельгиянинг олтин авлоди шу ерда ўз имтиҳосини топди. Чунки жамоа, ҳаттоки гуруҳдан чиқишни эплай олмаганди. Шундан кейин Мартинес ишдан кетди. Бу ҳақида у шундай дейди: "Ҳа, бу сўнгги ўйиним эди. Олти йил бирпасда ўтиб кетибди. 2018 йилда бронзага эга чиққандик. Бу сафар эса омадсизликка рўбаро келдик. Натижани ўз бўйнимга оламан. Ҳаммага раҳмат". Айни дамда Мартинеснинг ёрдамчиси бўлган Тьерри Анри бош мураббийликка даъвогарлик қилмоқда.
Отто Аддо – Гана
Отто ўз олдига қўйилган вазифани адо эта олмади. Чунки унинг жамоаси 1 та ғалаба ва 2 та мағлубият билан гуруҳда қолиб кетганди. Аддо бу ҳақида: "Ҳар доим айтганман. Мен ўзимни оқлай олмайман. Агардаки, жаҳон чемпиони бўлганимизда ҳам янги битим ҳақида ўйлаб кўрардим. Лекин энди яна Германияга қайтсам керак", – деди.
Гана футбол ташкилоти янги мураббий сифатида "Брайтон"нинг собиқ устози Крис Хютонни кўрмоқда.
ИСМАТОВ Ж.