“Бунёдкор” – “Андижон” учрашувидан кейинги матбуот анжуманиниг биринчи қисми меҳмонлар устози билан ўтди.
- Бизга ҳар бир баҳсда очколар керак. Буни турнир жадвалининг сўнгги поғонасида бораётганимиз учун эмас, балки яна бошқа муҳим жиҳат борлиги учун айтяпман. Яъни футболчиларимизнинг ҳозирги тушкун кайфиятини кўтариш учун “Бунёдкор” каби жамоалар билан баҳслардаги ҳар қандай очко муҳим. Тан оламан, бугунги баҳсда бизга омад кулиб боқди. Рақибнинг ўткир ҳужумларига дош бера олдик. Шунингдек, дарвозабонимиз маҳоратини ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман, - деди Александр Николаевич.
- Ҳозирги кунда Владимир Шишелов “Андижон”ни қайси омиллар туфайли тарк этгани жуда кўпчиликни қизиқтирмоқда. Уни Сиз қўйиб юбордингизми ёки ўзи кетишни истадими? Умуман Шишеловни “Насаф”га ўтиб кетиши борасида тўлиқроқ маълумот бера оласизми?
- Шишеловни мен қўйиб юборганим борасидаги гап-сўзлар ҳақиқат эмас. Шуниси аниқки, у “Андижон”га айнан менинг таклифим туфайли келиб қўшилган эди. Шишелов “Андижон” сафини фақатгина Россия клубларидан таклиф тушсагина тарк этиши мумкин эди холос. Бироқ у “Насаф” аъзосига айланди. Владимир Андижонга келганида клуб раҳбари билан келишувга эришганди. Ўшанда иккала томон бир-бирларига ўз шарт ва мажбуриятлари билдиришган. Шундай экан Шишеловнинг кетишига мен эмас, бошқалар сабабчи.
- Леван Мдивнишвили голеодор ҳужумчи. Бироқ уни сўнгги дақиқаларда майдонга туширдингиз. Бу Мдивнишвилининг ҳозирги спорт формаси яхши эмаслиги билан боғлиқми?
- Йўқ, Леван ўйнашга тайёр. Биз бугун меҳмонда, устига-устак пешқадамга қарши ўйнадик. Вазият тақозо этганида Леван Мдивнишвилини вақтлироқ майдонга туширардим.
- “Андижон” иккинчи даврани очко йиғиш билан бошлади. Айтингчи, жамоангизнинг ўйин сифати ҳам ўзгарганми?
- Бугун ёмон ўйин кўрсатганимиз йўқ. Таркибимизнинг ўзаги сақланиб қолган ҳолда жамоага янги футболчиларни жалб этдик. Булар билан янада яхшироқ ўйнай оламиз. Албатта жамоамиз кун сайин ўсиб бормоқда.
- Александр Николаевич, сўнгги йилларда мамлакатимизда футболчилар жудаям қисқа муддатли бўлган шартномаларга имзо чекишяпти. Масалан, “Андижон” сафида ҳам кўплаб ўйинчилар йил охиригача битим тузишган. Шунингдек, бошқа жамоалардан ижарага олинган ўйинчилар ҳам бор. Айтингчи, бундай шароитда келаси йили жамоадан нималар кутиш мумкин?
- Тўғри айтдингиз, олти ойлик шартномалар жудаям кўп. Бир йиллик битимлар ҳам талайгина. Бу ҳолатни ижобий баҳоламайман. Жамоа ўз келажагига қайғурса, футболчилар билан узоқ муддатли битим тузиши керак. Ўзбекистон чемпионати регламентида бу ҳол қандай изоҳланганидан бехабарман. Бироқ Россиядаги шартномалар камида бир йилга мўлжалланган бўлиши шарт. Ўзимиз ҳақимда гапирадиган бўлсам, агар жамоамиз яхши ўйин кўрсатгудек бўлса, у ҳолда ҳозирги таркибимиз келаси мавсумдаям сақланиб қолинади.