Олимпия ўйинлари тугашига роппа-роса 1 ҳафта қолди. Сўнгги 7 кун ниҳоят Ўзбекистон делегациясига медалларни тақдим этишига керак. Мана шундан умидимиз катта. Бугун бирданига 7 нафар ҳамюртимиз мусобақаларда иштирок этади. Айтиш мумкинки, ҳар бир вакилимизнинг чиқиши катта аҳамиятга эга.
Каноэда эшкак эшиш
Узоқ кутганимиз — Вадим Меньков мусобақаларни бошламоқда. Эркаклар ўртасида 1000 метрга каноэ баҳсларида 17 нафар спортчи иштирок этади. Спортчилар 3та гуруҳга бўлинишган. Дастлабки 2та гуруҳда 6 нафардан, сўнгги гуруҳда эса 5 нафар спортчи саралаш баҳсларида қатнашади.
Ўз гуруҳларида кучли бешликка кирган спортчилар ярим финалга чиқадилар. Шунингдек, 6-ўринни олганлар орасида яхши натижага эга бўлган яна бир спортчи ярим финал йўлланмасини йўлга киритади. Вадим Меньков эса 5 кишидан иборат бўлган 3-гуруҳда иштирок этади.
Ярим финал баҳслари 15:54да бошланади. Ярим финалда спортчилар 8 нафардан 2 гуруҳга бўлинган ҳолда мусобақаларда иштирок этишади. Дастлабки 4та ўринни эгаллаган спортчилар финал йўлланмасига эга бўлишади. Медаллар учун баҳслар 8 август куни бўлиб ўтади.
Енгил атлетика
Спортнинг бу турида иштирок этаётган бирорта спортчимиз ҳали саралаш баҳсларидан ўта олишгани йўқ. Бугун ядро улоқтирадиган Елена Смоляновадан яхшироқ натижа кутиб қоламиз.
Оғир атлетика
Эркаклар ўртасида 105 кг.гача бўлган спортчилар ўртасидаги баҳсда бирйўла икки нафар спортчимиз иштирок этади. Руслан Нуриддинов ва Иван Ефремов "А" гуруҳига киритилишган.
Юнон-рум кураши
Кеча энг енгил вазндаги Элмурод Тасмуродов дастлабки саралаш беллашувидаёқ ютқазиб қўйганди. Бугун эса энг оғир вазндаги курашчимиз Мўминжон Абдуллаев баҳсларни бошлайди. Унинг дастлабки рақиби АҚШлик Байерс бўлади. Мўминжон ундан ўта олса, чорак финалда Ризо Кайаалп (Туркия) ва Евгений Орлов (Украина) ғолибига қарши гиламга чиқади.
Бокс
Чарм қўлқоп усталаридан 2 нафари бугун ярим финал йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қилиб кўради. Фазлиддин Ғоибназаров жанубий кореялик боксчига қарши рингга кўтарилса, Аббос Атоев ҳиндистонга Вижендрга қарши жанг олиб боради.
6 август, душанба. Ўзбекистонлик спортчилар иштирокидаги мусобақалар тақвими
13:54. Каноэда эшкак эшиш, 1000 метр. Вадим Мeньков. Саралаш.
15:54. Каноэда эшкак эшиш, 1000 метр. Вадим Мeньков. Ярим финал.
14:45. Енгил атлeтика, ядро улоқтириш. Елeна Смолянова. Саралаш.
23:00. Оғир атлeтика, 105 кг. Руслан Нуридинов. Финал, "А" гуруҳи
23:00. Оғир атлeтика, 105 кг. Иван Ефремов. Финал, "А" гуруҳи
17:54. Юнон-рум кураши, 120 кг. Мўминжон Абдуллаeв - Дремиел Дешон Байерс (АҚШ). 1/8 финал.
01:15. Бокс, 60 кг. Фазлиддин Ғоибназаров – Хан Сун Чол (Жанубий Корея). 1/4 финал
02:00. Бокс, 75 кг. Аббос Атоев – Вижендр (Ҳиндистон). 1/4 финал