Хорватия терма жамоаси жаҳон чемпионатининг бронза медали учун Марокашга қарши баҳсда иштирок этиб, ғалабани қўлга киритди.
Европаликлар ўйинни анча фаол бошлаб, рақибларини довдиратиб қўйишди. Натижада улар 7-дақиқада ҳисобни очишди. Модрич томонидан жаримадан етказилган узатмани Перишич бош билан 11 метрли нуқта атрофига етказди. Йошко Гвардиол эса бош билан дарвозани ишғол қилди. Тўп тўсинни силаб тўрга бориб тушди — 1:0.
Орадан 2 дақиқа ўтиб марокашликлар ҳам "стандарт"дан ҳисобни тенглаштиришди. Жаримадан етказилган узатма Майернинг бошига тегиб юқорига кўтарилди. Дорий эса дарвозага яқин масофадан бош билан дарвозани забт этди — 1:1.
Биринчи бўлим тугашига 2 дақиқа қолганида "шахматранглилар" яна олдинга ўтиб олишди. Хорватиянинг ҳужуми пайтида африкаликлар рақибнинг хавфли ҳужумини бартараф этгандек бўлишганди, аммо Билол эл-Ханнус ўз жарима майдони ташқарисида тўпни хорватиялик футболчига бериб қўйди. Жарима майдонига ўнг қанотдан кирган Оршич узатма берилди. Мислав эса "парашют" зарба беришга қарор қилди. Тўп дарвозабоннинг устидан ошиб ўтиб, устунга тегиб, чизиқни кесиб ўтди — 2:1.
Иккинчи таймда ҳар икка жамоада иккитадан гол уриш учун имконият юзага келди. Хорватларда Оршич ва Ковачичнинг зарбаларига аниқлик етишмаган бўлса, марокашликларда Эн-Несирий иккита имкониятдан фойдалана олмади. Юссуфнинг бир зарбасини Ливакович маҳорат билан қайтарган бўлса, ўйинга қўшиб берилган 6-дақиқада ҳужумчининг бош билан берган зарбасига бироз аниқлик етишмади.
Шу тариқа, Хорватия ўз тарихида иккинчи марта бронза медалига эга чиқди. Марокаш эса турнирни 4-ўрин билан якунлади.
ЖЧ-2022. Бронза медали учун баҳс
Хорватия – Марокаш 2:1 (2:1, 0:0)
Голлар: 1:0 – 7 Гвардиол, 1:1 – 9 Дарий, 2:1 – 42 Оршич.
Хорватия – Ливакович, Станишич, Шутало, Гвардиол, Перишич, Модрич, Ковачич, Маер (Пашалич, 66), Крамарич (Влашич, 61), Оршич (Якич, 90), Ливая (Петкович, 66).
Марокаш – Буну, Ҳакимий, Эл-Ямиқ (Амаллоҳ, 67), Дарий (Банун, 64), Аттиятуллоҳ, Амрабат, Собирий (Шоир, 46), Эл-Ханнус (Унаҳиё, 56), Зиеш, Буфал (Зарурий, 64), Эн-Несирий.
Огоҳлантиришлар: Унаҳий (69), Амаллоҳ (84).