Олдиндан режалаштирилганидек 8 август куни ОФК томонидан тузилган махсус комиссия аъзолари Андижонга ташриф буюрдилар. Улар учинчи йилдирки, юртимизга келиб олий лига жамоаларини синчковлик билан кўздан кечиришмоқда. Таъкидлаш жоизки, ОФК комиссиясининг самараси ўлароқ клубларимиздаги ривожланишлар ижобий томонга ўзгармоқда.
«Соғлом авлод» стадионига ташриф буюрган меҳмонлар жуда илиқ тарзда қарши олинди. Меҳмонлар билан танишувдан кейин делегация раҳбари жаноб Стюарт бу ерга келишдан кўзланган мақсад ва вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг катта мониторинг орқали «Андижон» клуби ва унинг инфратузилмаси таништирилди. Тақдимот маросими бўлиб ўтгач, жамоада фаолият юритаётган ходимлар билан алоҳида суҳбатлар ўтказилди. Қолаверса, меҳмонлар «Соғлом авлод» стадиони билан яқиндан танишдилар ва ундаги шарт-шароитларни кўздан кечиришди. Қайд этиш керакки, олдинги йилларга қараганда ижобий ўзгаришлар борлигини таъкидладилар. Бунга қўшимча равишда ўзларининг керакли маслаҳатлари билан ҳам ўртоқлашдилар.
Умумий айтганда, ОФК комиссиясининг ташрифи анча самарали кечди. Йиғилиш сўнггида жаноб Стюарт «Андижон» жамоаси ҳақида илиқ фикрларни билдириб ўтди. Унинг айтишича «Соғлом авлод» стадиони бемалол «А» тоифа қаторидан ўрин олишини айтиб ўтиб, бу ерда қилинаётган ишлар юзасидан миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида «Андижон» клуби ижрочи директори Позилжон Мирзаев ҳам ўзаро ҳамкорликни давом эттиришни ҳамда жамоани ҳар тарафлама юксалтириш йўлида хизмат қилишни айтиб уларга ўз миннатдорчилигини изҳор қилди.