Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Маҳлиё Сариқова: «Ўз ишингизни севсангиз, шунга яраша куч ҳам топасиз, албатта»

Баҳо:
+ | -

Мамлакатимизда, шу билан бирга қитъамизда ўз номи ва ўрнига эга «Севинч» (Қарши) аёллар футбол жамоасида иқтидорли ўйинчилар талайгина.

 Шулардан бири 2022 йилда «Йилнинг энг яхши аёл футболчиси» деган юксак эътирофга сазовор бўлган Маҳлиё Сариқова билан махсус мухбиримиз суҳбатда бўлди.

- Маҳлиё, футболга бўлган меҳрингиз сири нимада?

- Футбол - спорт турларининг ичида энг жозибадор ва мухлислари кўп спорт тури ҳисобланади. Унга қизиқмаган одам кам топилади. Мен ҳам ёшлигимдан шу спорт турига қизиқиб қолдим. Маҳалламиз болалари билан тўп тепганман ва бу қизиқишим профессионаллик даражасига олиб келди.

- Нозик ҳилқат вакиласининг копток ортидан югуриши унга қандай куч-қувват бахш этади?

- Агар сиз ўз ишингизни севсангиз, шунга яраша куч ҳам топасиз, албатта.

- «Насаф» билан бир катта жамоанинг вакили ҳисобланасизлар. Сизларда эркаклар жамоасига қараганда қатъият, журъат баландга ўхшайди. Демоқчиманки, 2022 йил мавсумида «Севинч» икки фронтда муддатдан олдин маррага биринчи бўлиб етиб келди. «Насаф»да эса биллур совриндан сўнг нафасни ростлаш қийин кечди.

- Буни тан олиш керак, эркаклар футболида аёлларникига нисбатан рақобат жуда катта. Қолаверса, талаб ҳам шунга яраша. Яъни жамоада нафақат кучли мураббий балки, тажрибали футболчилар кўп бўлишини талаб этади. Менимча, «Насаф» бу йил энг кўп ўйин ўтказган жамоа бўлди. Ўзимизни чемпионат бошланишидан аввал ОЧЛ ўйинлари кейин эса икки фронта кураш олиб бориш. Бу албатта жуда қийин. Аммо бир нарсани тан олиш керак, «Насаф» ўзига нисбатан имконияти кучлироқ клубларга нисбатан ажойиб натижа кўрсатди. Бунга кунда, «Насаф» мамлакатимизда энг томошабоп, мазмунли  ўйин кўрсатаяпти.

«Севинч»га келсак, клуб раҳбарияти олдимизга бу йил энг катта вазифани қўйди ва шунга яраша барча шароитни ҳам яратиб берди. Бунга жавобан, натижа кўрсатмаслигимиз мумкин эмасди. Фурсатдан фойдаланиб, «Насаф» клубимиз раҳбариятига ва шахсан клуб президенти Ш.Ч.Аслановга миннатдорчилигимни изҳор этаман. Ҳаммаси учун раҳмат айтаман. Қолаверса жамоадошларим ҳам борини беришди, улар бу йил астойдил ҳаракат қилишди. Уларга ҳам ташаккуримни билдираман.

- Жамоа ниманинг ҳисобига асосий рақобатчилардан очко олишга эришди?

- Бунга асосий омил мақсадга эришиш учун интилиш ва ўзига бўлган ишонч деб, биламан.

- Ғалабали онларда кўнглингиздан нималар ўтади?

- Ғалаба қозониш жуда ёқимли, алабатта, яна шундай зафарлар ҳақида ўйлайвераркансан-да (кулади).

- Аёллар футболида оилавий масалалар қай даражада ўз ечимини топади?

- Ҳоҳлайсизми йўқ, баъзан оилавий масалалар ишингизга нисбатан кейинги ўринга ўтади. Аввало қилаётган ишингиз ҳақида ўйлайсиз. Бирон натижага эришиш учун, оилангизга нисбатан ишингизга кўпроқ вақт ажратишингиз талаб этилади. Футболчи одатда оиласидан сал узоқроқда бўлади. Бунга кўникмай илож йўқ.

- 2022 йилдан кўнглингиз тўлдими?

- Албатта, кўнглим тўлди. «Севинч» яна орадан бир неча йил ўтиб, ўз мавқейига қайтди. Юқорида айтганимдек, вазифани бажариб, раҳбарият олдида ҳам мухлисларимиз олдида ҳам юзимиз ёруғ бўлди.

- Ҳаётда нимадан завқланасизу, қайси жиҳатлардан қониқмайсиз?

- Оилангиз тинч, соғлом бўлишса, ўзингиз яхши кўрган ишингиз бўлса, меҳнатингизга яраша натижага эга бўлсангиз, бу менимча ҳаётда завқ билан яшашга муносиб жиҳат. Аслида инсон ҳаётда бахтли яшаши учун унчалик кўп нарса керак эмас. Боридан завқланиб яшашни ҳам билиш керак. Инсон жуда кўп нарсани ҳоҳлайди, орзу ва хаёлларга берилаверсангиз, ҳаётда қониқмайдиган бўлиб қолишингиз мумкин. Аммо қаноатли яшаган маъқул.

- Янги мавсумдан нималарни кутаяпсиз?

- Келаси мавсум ҳам бу йилги натижани такрорлашни хоҳлайман. Бунинг учун янада кўп меҳнат қилишимиз ва ўз устимизда ишлашимиз кераклигини ҳам яхши биламан. Янги йилда ҳам тинчлигимиз барқарор бўлсин! Ҳамма соғ-саломат бўлсин! Ҳаётимиз янада фаравон бўлаверсин! 

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. 2022 йилги зафарли одим, янги 2023 йил муборак бўлсин! «Чарм тўп»га ошнолик сизни ҳеч қачон тарк этмасин!

- Раҳмат!

МАҲЛИЁ САРИҚОВА 

СТАТИСТИКАСИ:

Ўйинлар сони - 17

Жами ўйнаган дақиқаси - 1105

Урган голлари - 15

Голли узатма - 15

Сариқ карточкалар – 1

Ҳусан Темиров суҳбатлашди.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 10:30, 30.12.2022.
Ўқилди: 871 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.