Франциялик мутахассис Клод Пюэль мураббийлик фаолиятини терма жамоа миқёсида давом эттириши ва Европанинг сўнгги йиллардаги энг ёрқин жамоаларидан бири – Бельгия термасини бошқариши мумкин. Бу ҳақдаги маълумотни DH Les Sports нашри тарқатди.
Қайд этилишича, Пюэль 2016 йилдаёқ Бельгия жамоаси бош мураббийи бўлиши мумкин эди, бироқ ўшанда Бельгия футбол федерацияси раҳбарияти ундан кўра Роберто Мартинесни афзал кўрганди.
Бутун мураббийлик фаолияти давомида Пюэль ҳали терма жамоани бошқармаган. Унинг сўнгги иш жойи 2021 йилда тарк этган Франциянинг "Сент-Эьтен" клуби бўлган.
Шунингдек, Пюэль "Монако", "Лион", "Ницца", "Лилль" ҳамда АПЛнинг "Лестер" ва "Саутгемптон" клубларини бошқарган.