Париж ва араб клублари ўртасидаги шоу-учрашувни кўриб ўтириб, ёзяпман. Аслида оддий бир ўртоқлик ўйини бутун дунёда ажиотаж уйғотгани, жуда кўпчилик қизиқиш билдираётганига гувоҳ бўлдим – сабаби маълум, нариги тарафда Криштиану Роналду бор ва янги жамоадошлари билан илк маротаба майдонга тушмоқда.
Мен билган Роналду бу ўйинда майдонга тушмаслиги керак эди. Футбол нуқтаи назаридан фикрим шу, бу ўйин унга нисбатан ноҳақлик – нариги тарафда Европа футбол юлдузлари, дунёнинг энг зўр шериклар билан бирга Месси. Роналду эса, биринчидан, савия жиҳатидан анча пастроқ, иккинчидан, ҳали бирор марта бирга ўйнамаган, учинчидан, икки жамоа таркибидан йиғилган сунъий таркибда майдонга тушмоқда. Ҳисоб жуда йирик бўлиб кетса нима бўлади ахир?
Нафақат кучлар тенг эмас, кучлар ўта ноҳақ ҳам, яъни Роналдунинг устунликларини юзага чиқармайдиган, аксинча, Мессини янада юқори кўрсатадиган шартлар. Лекин ўйин “Роналду – Месси”нинг сўнгги қарама-қаршилиги сифатида маркетинг юриш орқали тақдим этилмоқда. Шундай эмасми?
Криштиану Роналду бу шартларга рози бўлган экан, демак молиявий томондан жуда қониқарли таклифлар илгари сурилган бўлиши керак. Бундан ташқари, менимча, ўша ўртоқлик ва шоу мақомида бўлгани учун парижликлар озгина ён босиш орқали, ҳисобни чиройлироқ кўринишига рози бўладилар ёки араблар масалан, мотивация томондан устунлик орқали, қандайдир тенг кураш тақдим этадилар. Ишқилиб, шунақа бўлсин.
Қаҳрамон Асланов.