"Арсенал" бир неча соатлардан кейин АПЛ доирасида "МЮ"ни қабул қилади. Шу фурсатдан фойдаланиб, бугун майдонда ҳаракат қила оладиган футболчилардан тузилган аралаш таркиб тузиб чиқдик. Қуйида шу ҳақида қисқача сўз боради.
Дарвозабон: Арон Рамздейл
"Арсенал" посбони Давид Де Хеанинг яхши формасига қарамасдан, ундан олдинда эътироф этилди. Рамздейл ўтган мавсумда ажойиб дебют қилганди. 2022-23 да эса фантастик равишда иштирок этмоқда. Унинг Шимолий Лондон дербисидаги супер қаҳрамонлиги ҳам унинг Микель Артета қўл-остида қанчалик юксалганини кўрсатиб беради. Англия терма жамоаси оёқ билан ўйнашда ҳам жуда яхши сифатларга эга. Де Хеа борасида эса бундай дея олмаймиз.
Ўнг қанот ҳимоя: Бен Уайт
Шубҳасиз, бу мавсумнинг АПЛдаги энг яхши қанот ҳимоячиларидан бири. У билан бирга Киран Триппьерни ҳам айтиш керак. Ҳа, "МЮ"да Диегу Далот ҳам бор. Аммо у Уайтчалик сифатли футбол кўрсата олмайди. Айниқса, бу мавсумда.
Чап қанот ҳимоя: Олександр Зинченко
Бу рўйхатдаги энг мураккаб танловлардан бири бўлди. Люк Шоу аслида маъқулроқ вариант эди. Аммо унинг барқарорлиги сўроқ остида. Бир мавсумда зўр бўлса, иккинчисида ундай бўлмайди. Зинченко эса янги мавсумда "Арсенал"га келди ва қийналмай мослашди. Қолаверса, унинг Артета жамоасига таъсири ҳам кучли. Шу омиллар украиналикни танлашга мажбур қилди.
Марказий ҳимоя: Рафаэль Варан
Варан ва Салиба орасидаги фарқни уларнинҳ Франция терма жамоасидаги ўрни белгилаб беради. Ҳа, бу мавсумда уларнинг иккиси ҳам фантастик ўйин кўрсатмоқда. Аммо Вараннинг тажрибаси ва қобилияти яхшироқ. Тен Хагнинг жамоасида Вараннинг ўрни жуда ҳам катта.
Марказий ҳимоя: Габриэл
Лисандро Мартинес "МЮ"га келгандан бери ажойиб савия намойиш этди. Гарчанд унинг бўйи пастроқ бўлсада, бу деярли муаммо бўлмади. Бироқ, барқарорлик масаласи ҳам мавжуд. Габриэл бу борада исталган футболчига ўрнак бўла олади. У АПЛдаги энг яхши тўпурар ҳимоячилардан биридир.
Таянч ярим ҳимояси: Томас Парти
Каземиро бугунги ўйинда бўлмайди. Шундай экан, бемалол Томас Партини танлаш мумкин. Гана терма жамоаси аъзоси фантастик мавсум ўтказмоқда. Унинг таъсирида "тўпчилар" барқарор ўйин кўрсатади. Агарда у жароҳат олса, "Манчестер Сити" "Арсенал"дан ўзиб кетиши ҳеч гап эмас.
Ярим ҳимоячи: Бруну Фернандеш
Фернандеш Каземиронинг йўқлигидан фойдаланиб, бу жамоага кира олди. Португалиялик АПЛ тарихидаги энг яхши қишки трансфер саналади. У Магуайр йўқлигида сардорлик боғичини тақади. Амалда эса ҳақиқий лидер ҳам удир. Унинг ҳаракатлари билан "МЮ" ҳозирги поғонасига эришиб турибди.
Ярим ҳимоячи: Мартин Эдегор
Бу мавсумдаги энг яхши футболчилар ичида Эдегор ҳам бор. Унинг майдондаги ҳаракатларини кўриш исталган мухлисга завқ бағишлайди. Эрлинг Холандни ҳам фантастик ўйин кўрсатаётганини ҳисобга олсак, Евро-2024да Норвегия нимадир қилишига ишониш мумкин.
Ўнг қанот ҳужум: Букайо Сака
Яна бир "Арсенал" юлдузи космик ёрқинликдаги мавсумни ўтказмоқда. Қайд этиш керакки, Сака Микель Артетанинг илк кунларидан бери таркибдаги муҳим фигура бўлиб келмоқда. Англия терма жамоасида ҳам мундиал давомида айнан Сака порлай олди.
Чап қанот ҳужум: Габриэль Мартинелли
Айтиш мумкинки, энг хавфли футболчи АПЛда аллақачон пайдо бўлган. Унинг исми Мартинелли. Исталган рақиб Мартинелли борлиги сабабли "Арсенал" билан эҳтиёт бўлиб ўйнай бошлади. У биринчи даврада "МЮ" гол урганди. Аммо ҳакамларнинг VAR'даги хатоси сабабли бу гол бекор қилинган. Мартинелли эса бу билан тўхтаб қолмади. Унинг ўйини Бразилия терма жамоасига чақирув билан якун топди.
Марказий ҳужумчи: Маркус Рэшфорд
Габриэл Жезус ҳозир майдонда эмас. Шу сабабли Рэшфордни танлаймиз. Аммо у Жаҳон чемпионатидан кейин катта куч билан ишга киришди. "МЮ"нинг ғалабаларида унинг ҳиссаси жуда ҳам катта эди.
Бош мураббий: Микель Артета
Тен Хаг "МЮ"ни ўта тез равишда ўнглади. Аммо Микель Артета бу ишни бир неча йилдан буён, тизимли равишда амалга оширмоқда. Сака, Мартинелли, Жака каби футболчилар Артета билан катта ўсишга эриша олди. Шу сабаб ҳозирда айтиш мумкинки, мухлислар ривожланишга ишона бошлади! (Trust The Process)
ИСМАТОВ Ж.