«Металлург» – «Динамо» (1:1) жамоалари ўртасидаги назорат учрашувидан кейин бекободликлар бош мураббийи Луисма Эрнандеснинг фикрлари билан қизиқдик.
"Аввало шу нарсани айтиб ўтишим керак, биз бу йил ҳисобидан табиий майдонга иккинчи марта тушишимизда назорат ўйинида қатнашдик. Кеча мазкур стадионга келиб машғулот ўтказиб кетгандик. Бекободда эса асосан залда шуғуллангандик ҳамда тренажер залида футболчиларга юкламалар бердик.
Умуман олганда, шогирдларимнинг хатти-ҳаракатидан қониқиш ҳосил қилдим. Биринчи навбатда майдоннинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ўйинни жароҳатларсиз якунлаб олганимиз ютуғимиз бўлди. Худойшукурнинг иккинчи қаватда тўп учун курашда бироз лат еганини ҳисобга олмаганда ҳаммаси яхши. Бевосита ўйинга келадиган бўлсак, назорат учрашувида натижа муҳим эмас. Биз иккита таймда турли таркибларни кўриб олдик. Биринчи таймда асосий жамоа ўзаги катта ташаббусга эришди. Иккинчи таймда эса ёшларни ҳамда жамоа кўригига келган янги ўйинчиларни кузатдик.
Битта ўйин билан якуний хулоса чиқариш қийин. Камида икки ҳафта давомида таркибга қўшиб олишимиз мумкин бўлган футболчиларни синовдан ўтказамиз. Зеро уларга ҳам имкониятларини намойиш этиш учун вақт беришимиз лозим. Бир қатор ўртоқлик-кўрик ўйинлари учун спарринг рақиблар билан келишиб қўйганмиз. Шундан кейингина фикр, хулоса билдириш ўринли деб ўйлайман", — деди Эрнандес.