Мадриднинг “Реал” клуби Марко Асенсио билан шартномани узайтириш борасида музокаралар олиб бормоқда.
Унинг амалдаги шартномаси 2023 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
Marca нашри хабарига кўра, вингер Мадрид клубида қолмоқчи. "Реал" раҳбарияти аллақачон унга шартномани узайтириш таклифини жўнатган.
Асенсиога бошқа топ-жамоалардан ҳам таклифлар бор. Агент Жорже Мендеш барча таклифларни тинглайди, бироқ мижози учун "Реал" билан янги шартнома имзолаш устувор вазифа эканини билади.
2-3 ҳафта ичида Асенсионинг келажаги масаласи ҳал бўлади. Қайд этилишича, бунда масаланинг молиявий томони катта роль ўйнамайди. Марко ўзини "Реал"нинг муҳим ўйинчиси сифатида ҳис қилишни хоҳлайди. Раҳбарият билан учрашувда маош ёки шартнома муддати эмас, Асенсионинг жамоадаги ўрни муҳокама қилинади.
Агар ўтган ёзда вингер янги шартнома имзолашдан кўра "Реал"дан кетишга яқинроқ бўлган бўлса, ҳозир вазият ўзгарган.
Жорий мавсумда Асенсио Ла Лиганинг 12 та учрашувида (улардан 3 таси асосий таркибда) майдонга тушиб, жами 319 дақиқа ўйнади. Бу ўйинларда испаниялик футболчи 1 та гол уриб, 3 та голли узатмани амалга оширди.