Испаниялик ҳимоячи Педро Порро "Тоттенхэм"га ўтиш ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
“Мен ўзимни ажойиб ҳис қиляпман. Мен бу ерга келишни жуда хоҳлардим. Бу мен учун ноёб имконият ва умид қиламанки, ҳаммаси яхши бўлади. Мен жамоага характер ва шахсият олиб кела оламан. Менда ғалаба қозониш истаги ва иродаси бор. Мен болалигимдан Премьер-лигада ўйнашни орзу қилардим. Умид қиламанки, якшанба куни ҳаммаси яхши бўлади ва биз ғалаба қозонамиз", - дея Порронинг сўзларини келтиради «Тоттенхэм» матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, Порро 2022/2023 йилги мавсум охиригача "Спортинг"дан ижара асосида "шпорлар" лагерига ўтди. Шартномада 23 ёшли футболчининг келаси ёзда трансферини мажбурий тўлаш бўйича банд бор. Порронинг Лондон клуби билан шартномаси 5 йилга мўлжалланган.