Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳрида халқаро мусобақада қатнашаётган ўзбекистонлик ёш курашчилар зилзила ўчоғидан муваффақиятли олиб чиқилди, дея хабар қилмоқда МОҚ матбуот хизмати.
Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида қатнашаётган ўзбекистонлик курашчилар зилзила ўчоғи ҳисобланган Қаҳрамонмараш шаҳридан Туркия пойтахти Анқарага олиб борилган. Айни вақтда делегациянинг барча аъзолари соғ-саломатлиги маълум қилинди.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари Истанбул орқали Тошкентга олиб келинади. Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси бош котиби Шуҳрат Мамадалиев спортчиларни олиб келиш учун Истанбулга жўнаб кетган.
Эслатиб ўтамиз, 6 февраль тонгида Туркиянинг Газиантеп шаҳри яқинида 7,5 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Ер силкинишлари яна бир қанча вилоятларда, шунингдек, Сурия ва Ливанда ҳам сезилган. Шу куни Туркия ва яна 6 давлатда қатор зилзилалар қайд этилди.