Англия Премьер-лигасининг энг яхшси дриблингчилари маълум қилинди. Натижаларга кўра, айни дамда "Арсенал" турнирдаги иккинчи энг хавфли ҳужум чизиғига эга жамоа бўлиб турибди. Рақамлар, шунингдек, кутилмаган натижаларни тақдим этди. Негаки, рўйхатдаги етакчи футболчи ҳеч ким ўйламаган вариант бўлиб чиқди. "CIES Football Observatory" томонидан тақдим этилган жадвалда кутилмаганлик юзага келган. Европа бўйича олиб қарасак, "Барселона" вингери Усмон Дембеле биринчи, "Реал" ҳужумчиси Винисиус эса иккинчи ўринни банд этган. Аммо бу рўйхатда учинчида турган Кевин Де Брюйне, АПЛ таснифида етакчи сифатида эътироф этилади.
"Манчестер Сити" ярим ҳимоячисига "CIES" томонидан 98.4 рейтинг очкосига берилган. 31 ёшли футболчи бу орқали Рафаэль Леао, Кингслей Коман ва Килиан Мбаппедан кўра юқорироқ ўринда қайд этилади. Де Брюйне ўзининг тўпни нозик ҳис этиши, майдонни яхши кўриши ва креативлиги билан дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири сифатида эътироф этиларди. Аммо унинг дриблингда ҳам устамон экани, кўпчиликни ҳайрон қолдирган бўлса, ажаб эмас.
Жадвалнинг иккинчи ўрнида "Ливерпул"нинг январдаги ягона хариди бўлган Коди Гакпо турибди. У умумий рўйхатда тўққизинчи ўринда келтирилади. Унинг остида Фил Фоден ва "Ньюкасл"нинг тезлик қуроли бўлган Аллан Сен-Максимен жойлашган.
Жадвалнинг бешинчи ва олтинчи поғоналаридан "Арсенал"нинг ҳужум жуфтлиги бўлмиш Букайо Сака ва Габриэл Мартинеллилар қайд этилди. Тўпчилар вингерлари мавсум давомида рақиб қанот ҳимоячиларига мислсиз муаммолар туғдириб келмоқда. "CIES" эса буни алоҳида қайд этиб ўтган. Сакадан кейин "Ливерпуль" аъзоси Луис Диас жойлашган. "Тоттенхэм" футболчиси Перишич эса саккизинчи ўринни эгаллаб турибди. Кучли ўнлик Муҳаммад Салоҳ ва Рияд Махрез каби африкалик юлдузлар билан якун топади. Ушбу жуфтлик охирги беш йилдаги АПЛ титулларини қўлга киритган. Шунингдек, улар сўнгги йилларда ўз дриблинги билан ҳимоячиларни ўлжага айлантириб келмоқда. Рўйхатнинг қолган қисми ҳам катта номлар билан тўла. Улар ичида Серж Гнабри, Лионэль Месси, Родриго ва Лука Модричларни алоҳида таъкидлаган бўлардик.
ИСМАТОВ Ж.