Пул сарфлаш борасида энг омадсиз клублар маълум қилинди. Рўйхатда, шубҳасиз, инглиз клублари етакчилик қилмоқда. Кучли ўнталикнинг тўққизтаси айнан АПЛ аъзолари саналади. "CIES Football Observatory" томонидан тўпланган маълумотлар 2018-2019 йилги мавсумлардан то ҳозиргача бўлган даврни ўз ичига олади. Фарқ сўнгги беш йилда сотиб олиш ва сотиш орасида юзага келтирилган.
Умумий ҳисоб-китоб энг фаол 100 та клуб бўйича амалга оширилган бўлиб, шулардан чорак қисми инглиз жамоалари саналади. Англиянинг фақат "Норвич" ва "Уотфорд" клубларигина бу давр ичидан фойда билан чиққан. Қолганлар сотишдан топган пулларидан кўра, сотиб олишга кўп маблағ сарфлаб юборган.
Манфий нисбатда турган жамоалар ичида етакчи "Челси" саналади. Негаки, янги бошлиқ Тодд Бёли сўнгги икки ойнада мисли кўрилмаган харажатлар қилди. Клуб гарчанд охирги 5 йилнинг иккитасидаги трансферлар ойнасидан фойда билан чиққан бўлсада, умумий ҳисобда 665 миллион фунтни ортиқча сарфлаган (-665 миллион).
Шунча вақт давомида мусбат натижага эга бўла олмаган "МЮ" рўйхатнинг иккинчи поғонасини банд этиб турибди. "Қизил иблислар"нинг трансферлардан келган фойдаси сарфланган пулларга қараганда 595 миллион фунтга камдир (-595 миллион).
Кучли учликни "Арсенал" якунлаб беради. Бу жамоа беш йилда трансферлар учун 483 миллион фунтни ортиқча сарфлаган. Шунингдек, рўйхат "Тоттенхэм", "Вест Хэм", "Ньюкасл" каби жамоалар билан давом эттирилади. "Астон Вилла" ва "Вулверхэмптон"ни ҳам ўша рўйхатга қўшиш мумкин. Кучли ўнталикдаги ягона Англияники бўлмаган клуб бу "Ювентус" саналади. Аммо айни дамда бу жамоада кучли молиявий бўҳронлар юз бериб турибди. 10 ўринни "Ливерпуль" эгаллаган ва бу жамоанинг ҳам ишлари шу кунларда жойида эмас.
Рўйхатнинг нариги охирига юзлансангиз, мутлақо ўзгача ҳикояга гувоҳ бўласиз. Инглиз клублари ичида фақат "Уотфорд"гина мусбат натижага эга ва фойда билан чиққан клубларнинг кучли йигирматалигида 17 ўринни банд этган. Плюс натижанинг энг чўққисида "Бенфика" қайд этилади. Бу клуб беш йил давомида сотиб олган ва сотган футболчилари орасида 329 миллион фунт фойда кўрди (+329 миллион). Лиссабонликлар АПЛга Рубен Диаш, Дарвин Нуньес ва Энцо Фернандес каби супер-юлдузларини "ҳадя этганди". Ундан кейинги ўринларни "Лилль" (+274 миллион) ва "Аякс" (+259 миллион) эгаллайди.
ИСМАТОВ Ж.