"Sky Sports" мухбири Гари Невилл 2022-23 йилги мавсум борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унга кўра, "Арсенал" чемпионликка эришади. Аммо, аввалроқ, Невиллнинг фикри бошқачароқ эди ва у "Манчестер Сити" ўз ҳолига қайтиб, Микель Артета жамоасини ортда қолдиришини билдирганди. Ҳозир унинг нуқтайи назари ўзгарган. Невиллнинг таъкидлашича, мавсумнинг иккинчи қисми тўпчилар учун биринчи қисмидагидек, муваффақиятли ва силлиқ кечмайди.
"Арсенал" мавсумнинг 19 ўйинида 50 очко тўплашга эришган. Аммо 20 турдаги "Эвертон"га мағлубият, жамоанинг руҳиятига ёмон таъсир қилди. Невиллнинг фаразича, "Арсенал" бундан кейин нисбатан беқарор ўйинлар ўтказиб, кўп қоқилишларга дуч келади.
У ўз фикрини асослаб берар экан, жумладан шундай дейди: "Мен бу мавсумда 85 очко, бир жамоанинг АПЛ чемпиони бўлиши учун етади деб ўйлайман. Чунки жорий мавсум ҳақиқатдан ҳам ўта курашларга бой ўтмоқда. Шунинг учун "Арсенал" осонлик билан чемпион бўла олмайди. Бу клуб анчадан бери Англияда тенгсиз деб топилмаган. Ҳатто, 2004 йилда, улар чемпионликка эришган йили ҳам Арсен Венгер шогирдлари катта қийинчиликларга дуч келганди. Бироқ, бу мавсумда "Арсенал"нинг катта фарқ билан олдинда кетаётганини ҳисобга олиб, шуни айтиш мумкинки, очколардаги тафовутнинг ошиши кўп нарсага ойдинлик киритиб бериши мумкин. Вазият мутлақо тескари томонга ҳам ўзгариши, ҳеч гап эмас. Мавсум охирига қадар "Арсенал"нинг ҳар бир мағлубияти "Манчестер Сити"нинг босимни оширишига олиб келади. Ўртадаги фарқ ҳар бир турда қисқариб қолиши мумкин.
Шундан келиб чиқиб, тахминлар қилиш мумкин. Дейлик, агарда, мавсум тугашига беш-ўн тур қолганида "Манчестер Сити" "Арсенал"дан ўзиб кетса, "шаҳарликлар" 10 очко фарқ билан чемпионликка эришади. Бордию, "Арсенал" лигани ютса, у ҳолда, бу воқеа сўнгги турларда юз беради. Яъни "Арсенал" учун ҳаммаси нисбатан мураккаброқ бўлади".
Невилл "Манчестер Сити"ни нега бу мавсумда чемпион бўла олмаслигинини асослаб беришга ҳаракат қилди. Унинг фикрича, бунга асосий сабаб Пеп Гвардиола томонидан қабул қилинаётган айрим ғалати қарорлардир.
Невилл ўз сўзида давом этар экан: "Якшанба кунги "Тоттенхэм"га қарши ўйиндаги "Манчестер Сити"ни кўриб, менда илк марта ғалати ҳис пайдо бўлди. Шунда мен, "Арсенал" чемпион бўлса керак дея ўйлай бошладим. Жамоаси енгилганидан кейин Гвардиола менга ақлсиздек туюлди. Унинг баҳс давомидаги қарорларини англашга қийналдим. Нега Кевин Де Брюйне бошидан ўйнамади, нега Илкай Гюндоганни вақтида ташламади, нега Рубен Диаш марказий ҳимоядан чиқариб юборилди? Буларнинг бари бизга қоронғу. Лекин ўта ғалати қарорлар эди.
Мана шу ўйинга қадар "Манчестер Сити" "Арсенал"га етиб олишига ишончим комил эди. Аммо якшанбадан кейин бу борада менда саволлар пайдо бўлди. Ҳатто, "Тоттенхэм"га қарши баҳс олдидан мен бунга 100 фоиз амин эдим. Энди эса ҳаммаси ўзгарди. Мавсум охирига бориб, сўнгги беш йилда яна Лондон жамоаси чемпион бўлишини кўрсак керак", - деди.
Айни дамда "Манчестер Сити" битта кўп ўйин ўтказган ҳолда "Арсенал"дан беш очкога ортда қолмоқда.
ИСМАТОВ Ж.