Давлатимиз томонидан миллионлар ўйинига бўлган эътибор аъло даражада, буни хориждан келаётган футбол мутахасислари ҳам эътироф этишмоқда. Бизда замонавий ўйингоҳлар, футбол мактаблари, футбол клубларига давлатимиз томонидан яратилаётган шароитлар жуда яхши лекин, мана шу лекини ёмонда.
Ички чемпионатимизда бирхиллик мухлислар жонига тегди. Мавсум бошланишидан совриндорлар ким бўлишини ҳатто етти ёшли бола ҳам билади. Бу қанақаси? Чемпионат интрига савияси жуда паст, ўйинлар санасинику, ўзгаришларини айтмаса ҳам бўлади. Чемпионатда 14 та жамоа, лекин шуни ҳам эплаб, жадвал туза олишмайди балки ПФЛда жадвални тузадиган шахсларни Испания ёки Англияга тажриба ўрганиши учун жўнатиш керакдир? Ҳар қалай жадвал қандай тузилишини ўрганиб келишса, бизда бироз асаббузарликлар камаярмиди? У ерларда бизга нисбатан жамоалар кўп бўлсада, лекин жадвал мухлислар учун ҳам жамоалар учун ҳам муаммо келтириб чиқармайди.
Чемпионатимизда натижалар бирхиллиги ҳам кишини жуда таажубга солади, турнир жадвали пешқадамлари очко йўқотишса, уларни “қувиб” келаётган жамоалар ҳам очко йўқотишади, бу нимаси? “мен йиқилдим, сен ҳам чопмай тур” деганими? Ёки бизда “қул ушлашиб бирга чопамиз” деганими бу? Очиғи тан олиш керакки, ички чемпионатимизда учрашувлар гўёки келишилиб ўтказилаётгандек, бу кейинги пайтда мухлислар ўртасида жуда кўп муҳокама қилинадиган бўлиб қолди, ўйин бошланишидан олдин ҳисобни бемалол айтса бўлади, ҳаттоки бизнинг чемпионатда ҳисобни олдиндан билиш учун башоратчиларга ҳам эҳтиёж қолмади. Бу воқеалар мухлисларни ўзимизни футболдан кўнгли совишига олиб келмоқда, тўғрида ҳисобни бемалол олдиндан билсанг, қизиғи қоладими? Мана шу ёқимсиз ҳолатлар футболимизни ўсишига тусқинлик қилмоқда, ўйинчиларимизни ҳам футболни шунчаки ўйнашга “ўргатиб қўймоқда”. Бу ҳолат энди халқаро майдонлардаги футболимизда ҳам ўз сўзини айта бошлади, ахир бежизга айтишмаганда “касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади” деб.
Бир кишини, ҳамма деворлари оппоқ қилиб буялган бир хонага сақлаб туриб, бир оз муддатдан сўнг ранг-баранг гулларга бурканган боққа олиб чиқсангиз, кўзлари қамашиб, ҳаттоки ранг ажратишга ҳам қийналиб қолади, бизни чемпионат ҳам шунақа, ўйинчилар бирхиллик футболдан кейин халқаро майдонга чиқишиб, ўзларини йўқотиб қўйишмоқда.
Қачонки, ички чемпионатимизда ўсиш бўлмас экан, терма жамоаларимиздан ҳам бирон бир яхши натижа кутиш қийин. Аввал ички чемпионатимизни ислоҳ қилмас эканмиз, яхши натижалар ҳақида ўйлашимиз нотўғри деб биламан.
Биз ўзимиздаги имкониятларни қадрига етишимиз керак, мухлисларимизга қайта-қайта такрорланаверадиган, бирхиллик ва футболимиздаги "айланаверадиган" натижалар зериктириб қўйди, ПФЛ мутасадди ходимлари бу ҳақда жиддий бош қотиришлари керак, албатта агар шунга салоҳияти етишса, ана шунда ўйлайманки, кейинги пайтларда юртбошимизнинг футболга бўлган ғамхўрликлари эвазига бир-биридан чиройли барпо этилаётган стадионлар мухлислар билан тўлиб тошармиди? Футболимизга озгина бўлсада, қизиқиш ошармиди?..
Бекзод Рўзиев