"Манчестер Юнайтед"ни сотиб олиш учун асосий даъвогар сифатида эътироф этилаётган қатарлик Яссим Бин Ҳамад ал-Таний клубни яна шонли даврдаги ҳолатига қайтаришини билдирди. Қатар банкининг райиси ҳисобланган шайх, жума куни расмий таклиф билан чиққан эди. Таклифдаги бандларда бир нечта босқичларда клуб яна эски даврдагидек кучли қилиниши билдирилган. Унда стадион ва инфраструктура тузилмаларини яхшилаш ҳам кўзда тутилган. Ҳатто, янги хўжайинлар қўлида "Олд Траффорд" бутунлай бузиб ташланиб, ўрнида янги ўйингоҳ қад ростлаши ҳам мумкин. Қуйида, клуб, агарда шайхлар қўлига топширилса, бешта қилиниши мумкин бўлган ишлар санаб ўтилади.
Мухлислар билан дўстона алоқалар ўрнатиш
Қатарликлар таклифида айтилишича, "клуб янада мухлисларнинг қалбига яқинроқ бўлади". Сўнгги йилларда Глейзерларга қарши жамоа мухлисларининг норозиликлари тинмай келаётган эди. Шайх Яссим эса мухлисларга биринчи ўриндаги омил сифатида қарашини билдирган. Яъни, уни даврида мухлислар истаги олдинги ўринларда туради.
Клуб қарзларидан қутулиш
Мухлислар норозилигининг бир учи, клубнинг қарзлари ортиб бориши билан ҳам боғлиқ эди. Янги эга, Яссим қўлида эса ҳаммаси бошқача бўлади. Хусусан, у ўзининг таклифини шундай дейди: "Таклиф шайх Яссимнинг "Nine Two" фонди орқали клубни барча қарзларидан озод этишни кўзда тутади".
2022 йилнинг сентябрь ойида берилган маълумотларда Глейзерлар жамоани сўнгги 12 ой ичида 95 миллион фунт қўшимча қарзга олиб киргани айтилганди. Шайхлар эса клубга ҳеч қандай қарз юкламайди. Олдинги қарзларидан эса қутқаради.
Эркаклар билан бирга аёллар футболига ҳам сармоя киритиш
Шайхнинг таклифида "МЮ" номидаги ҳар бир тоифадаги жамоаларга сармоя қилиниши айтилади.
"Қизил иблислар" январь ойида молиявий етишмовчилик сабабли футболчи сотиб олмаганди. Бир нечта ўйинчилар эса, фақат ижарага олинган холос. Агарда Яссим бошқарувга келса, аёллар жамоасига ҳам етарлича пул ажратилади. Аёллар клуби 2018 йилда профессионал мақомига ўтказилганидан бери чемпионликка эриша олмаган. Аммо, айни дамда аёллар жамоаси турнир жадвалида етакчилик қилмоқда. Агарда уларга ҳам сармоя берилса, "МЮ" аёллари доимий чемпионликка курашадиган жамоага айланади.
Клуб қароргоҳи ва Каррингтонни таъмирлаш
Шайх Яссимнинг таклифи қабул қилинса, машғулотлар майдони ва инфратузилма ҳам бундан фойда кўриши айтилади. Ҳамма жиҳозлар ва керакли ускуналар янгиланиши белгилаб қўйилган.
Клуб афсоналаридан бири Криштиану Роналду ўз интервьюсидаги танқидлар ичида, айнан шу омилни ҳам қўшиб кетганди. Шу сабабдан Каррингтон замон талабларига мослаштирилиши лозим. Бунинг учун эса Глейзерлардан кўра сахийроқ бошқарувчи зарур.
ИСМАТОВ Ж.