«Манчестер Юнайтед»ни сотиб олиш учун потенциал харидорлардан аризаларни қабул қилиш муддати якунланди. Қуйида бу борадаги иккита таклиф ҳақида сўз юритамиз.
Дам олиш кунларида «Манчестер Юнайтед»ни сотиб олмоқчи бўлган потенциал харидорларнинг аризаларини қабул қилишнинг охирги муддати ниҳоясига етди. Глейзерлар оиласи инглиз клубини сотишни кўриб чиқмоқда ва энди бир қанча вариантлар устида ишлайди. Гарчи миш-мишлар кўп бўлсада, якунда у қадар кўп таклифлар тушмади. Глейзерларда «Манчестер Юнайтед»нинг барча акцияларини сотиш учун иккита вариант бор. Кутилганидек, таклифлар сэр Джима Рэтклифф ва қаратрлик шайх Джассим бин Хамад Аль Танидан тушди.
Рэтклифф Буюк Британиянинг энг бой одамларидан бири ҳисобланади. У Ineos халқаро кимёвий гуруҳининг эгаси бўлиб турибди. Рэтклифф, шунингдек, спортнинг ашаддий мухлиси ва «Ницца» ва «Лозанна» футбол клублари, Ineos Grenadiers велосипед жамоаси ва Формула 1дан «Мерcедес»нинг акцияларига эгалик қилади. Шу билан бирга, Манчестерда туғилган Рэтклифф «Манчестер Юнайтед»га мухлислик қилади.
«Биз сэр Жим Рэтклифф ва Ineos «Манчестер Юнайтед»нинг аксарият улушларини олиш учун ариза берганлигини тасдиқлаймиз. Бу клубни яна дунёнинг биринчи рақамли клубига айлантириш учун жамоага сармоя киритмоқчимиз. Биз «Манчестер Юнайтед» мухлислари ўзининг шонли тарихи ва Англиянинг шимоли-ғарбий қисмидаги буюк илдизлари билан фахрланишини тушунамиз, Манчестернинг ҳамма ишқибозларини «Манчестер Юнайтед»га қайтаришини ва бор эътиборни Чемпионлар лигасида ғалаба қозонишга қаратишни истаймиз», — дейилади Ineos баёнотида.
Шайх Жассим бин Ҳамад Ал Тани Қатар банкларидан бири QIB раиси ҳисобланади. Дастлаб, УЕФА «Манчестер Юнайтед» ва «ПСЖ»нинг эгаси бир бўлиб қолишидан хавотирда деган шубҳалар бор эди. Шайх Жассим бин Ҳамад Аль Тани «Манчестер Юнайтед» футбол клубининг 100% улушини олиш учун ариза топширганини тасдиқлади. Бу таклиф клубни майдонда ҳам, ундан ташқарида ҳам аввалги шон-шуҳратини тиклашга қаратилган ва биринчи навбатда мухлисларни «Манчестер Юнайтед» футбол клубини яна ЕЧЛдаги совринли ўринларга қайтаришга ишонтирмоқчи. Таклиф Шайх Жассим «Nine Two» жамғармаси орқали амалга оширилган, у футбол жамоалари, машғулотлар мажмуаси, стадион ва кенгроқ инфратузилмани мўлжаллаган бўлиб, мухлислар ва жамоанинг катта лойиҳасига сармоя киритади», деди Аль Тани баёнотида. Маълумки, Глейзерлар акцияларнинг назорат пакетини сотишдан 6-7 миллиард долларга яқин даромад олмоқчи.
Аввалроқ Саудия Арабистони вакиллари, Илон Маск ва ҳаттоки Коннор Макгрегор ҳам «Манчестер Юнайтед»ни сотиб олиш учун ариза топшириши мумкинлиги хабар қилинганди. Бироқ, якунда улардан ҳеч қандай жиддий таклиф тушмади. Қизиғи шундаки, Глейзерларда «МЮ»ни тўлиқ сотмаслик, фақат бир қисмини янги эгасига ўтказиб юбориш имконияти бор эди. ESPN хабарига кўра, аввалроқ «Милан»га тегишли бўлган таниқли Elliott Management жамғармаси «қизил иблислар»нинг ярим улушини сотиб олишдан манфаатдорлиги айтилганди. Бу ҳолатда Жоэль ва Аврам Глейзер «Олд Траффорд»да ўз ўринлари ва позицияларини сақлаб қолиши мумкин эди. Энди Глейзерлар янги инвесторларнинг қарорларини кутиши, уларнинг таклифлардан қайси бирини қабул қилишлари қизиқ.