Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси эртага Вьетнамда ташкил этилаётган халқаро турнирдаги иштирокини бошлайди. Аҳмаджон Мусаев шогирдларига Австралия ёшлар терма жамоаси рақиб бўлади.
Ҳозирги кунда Вьетнамда ўзгарувчан об-ҳаво ҳукмронлик қилмоқда. Кундузи ҳаво қиздираётган бўлса, кечки пайтга бориб сел ёғиши ҳам мумкин.
"Ҳавонинг ўзгарувчанлиги ўйинимизга қанчалик таъсир кўрсатишини эртага билиб оламиз", - дейди Австралия ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Саймон Робертс. "Ушбу турнир шогирдларимни ва бошқа жамоаларни кўздан кечириш учун яхши имконият. Биз бу ерга Гонконг орқали келдик. У ерда Гонконг U21 терма жамоасини мағлубиятга учратдик (3:0). Шунинг учун жамоамиз ҳозир яхши формада", дея таъкидлайди эртага вакилларимизга рақиб бўладиган жамоа бош мураббийи.
Бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида иштирок этган Алексей Евстафеев эса: "Ушбу мусобақа Осиё чемпионатига тайёргарлик режамизнинг муҳим қисми ҳисобланади. Биз ҳам ўз жамоамиз ва рақибларимизнинг имкониятларини билиб оламиз", дея таъкидлаб ўтди.
Вьетнам бош мураббийи Труонг Хай Дун эса Ўзбекистон билан ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатида бир гуруҳда иштирок этиши туфайли рақиб имкониятини билиб олиш учун яхши имконият эканини айтиб ўтди. "10 кун давомида йиғин ўтказиб, Вьетнам U21 терма жамоаси билан 3 марта назорат ўйинини ўтказдик. Битта ғалаба, битта дурангга эришдик. Ушбу турнирда эса яхши савиядаги жамоалар билан куч синашамиз. Айниқса, Ўзбекистон билан ўйин биз учун катта аҳамиятга эга", дейди Дун Хай.
Эрон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Акбар Муҳаммадий қуйидагиларни таъкидлади.
"Бу ерга келишимиздан олдин Ўзбекистон билан 2та ўртоқлик учрашувини ўтказдик (2:1 ва 1:3). Бу галги тўқнашув ҳам қизиқ ўтади. Вьетнамга тўлиқ таркиб билан келдик ва дастлабки ўйинни интизорлик билан кутяпмиз".