Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Франция Мбаппе билан боғлиқ ажабтовур ҳангома

Баҳо:
+ | -

Яқинда Францияда ғаройиб воқеа юз берди: 48 ёшли шахс ўзини Килиан Мбаппенинг отаси деб таништириб, таниқли номдан ноқонуний ишларни амалга оширишда фойдаланишга уринди.

 Лекин тез орада қўлга олинди. Фирибгарлик мазмуни: Мбаппенинг отаси ролидан фойдаланиб, кишиларга бошпана топишда ёрдам бериш ва шу йўл билан пул ишлаш.

Бу ишни қай тариқа амалга оширди?

Номаълум шахс жазоирлик жуфтлик учун хонадон олишга уринган ва ўзини Килиан Мбаппенинг отаси сифатида таништирди. Масалани у телефон орқали ва ёзма равишда ҳал қилишга уринди.

2022 йилнинг декабрида Ивелин префектурасининг хизматчиси ундан шубҳаланиб қолди - гўшакдан келаётган овоз ғалатироқ, ёзма ҳужжатларда орфографик хатолар кўп эди.

Хизматчи полицияга мурожаат қилгач, Мбаппенинг сохта отаси яна иккита префектурада ҳам шунга ўхшаш ишлар билан шуғуллангани маълум бўлди. Якунда ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

У жазоирлик жуфтликка ихтиёрий равишда ёрдам бермоқчи бўлганлигини таъкидлаган бўлсада, полиция бу гапларга ишонмади - тинтув жараёнида унинг уйидан 4370 евро миқдорида нақд пул ва  номаълум манбалардан тушган 24000 евроли ҳисоб дафтарчаси топилди.

Шундан кейин фирибгар айбини бўйнига олди: «Қаттиқ хижолатдаман, қилган ишларим учун афсусланяпман».

2000 евро жарима ва 10 ой муддатга қамоқ жазоси - ҳангома шу тарзда поёнига етди.


Бу шахс Килианнинг отаси эмаслигини нимадан билиб олиш мумкин эди: ёшидан, саводидан ва оилавий ҳолатидан

Таниқли ҳужумчининг ҳақиқий ва сохта отаси ўртасида сезиларли фарқ мавжуд:

• Уилфрид Мбаппе (Килианнинг отаси) 52 ёшда, 48да эмас. У Камерунда улғайган, Францияга кўчиб ўтиб, Париж яқинидаги Бонди шаҳарчасига жойлашди. Айрим манбаларга кўра, катта Мбаппенинг Нигерияда ҳам авлодлари бор. Фирибгар бу борадаги саволларга тўғри жавоб бера олмасди.

• Килианнинг отаси олий маълумотли - ёзма ҳужжатлардаги хатоликлар ҳуқуқ-тартибот ходимларида шубҳа уйғотгани бежиз эмас. Гарчи Уилфриднинг таҳсил олган жойи кўпчиликка маълум бўлмаса ҳам. Айрим манбаларда ёзилишича, катта Мбаппе аввал Камерунда ўқиган, кейин Париж университетида таҳсил олган.

• Уилфрид собиқ гандболчи қизга уйланган - 90-йиллар охирида ортиқча шов-шувларсиз никоҳдан ўтган. 2021 йилда жуфтликнинг ажрашиб кетгани маълум бўлди.

Килианнинг отаси яна қайси жиҳатлари билан ёдда қолган:

• Уилфрид Бондида болалар билан футбол мураббийи сифатида ишлади. Таниқли футболчилардан Жонатан Иконе ва Уильям Салибаларга («Мен биладиган барча билимларни у ўргатган» - «Арсенал» ўйинчисининг эътирофи) сабоқ берди. Ва албатта, ўғлининг фаолиятига кучли таъсир кўрсатди, «Бонди»ни тарк этгач, унинг агентига айланди.

• Катта Мбаппе жумладан, шундай деганди: «Мен у учун мураббийдан кўра, кўпроқ томошабин эдим. Биттаю-битта муаммо - уйда ота мақомига қайтишим эди. Муносабатларимиз бузилмаслиги учун, футболдаги барча муаммолар, хафагарчилик, тушкунлик ва нафратни майдонга кўмиб келишга Килиан билан келишиб олгандик. Буларнинг ҳаммаси уйдан ташқарида қолиши шарт эди».

  •  «У 10 йил менга мураббий сифатида футбол сирларини ўргатди, ўзим орзу қилган услубдаги ўйинчи бўлишимга ёрдам берди. Лекин мен бирор марта ҳам «сен футболчи бўлишинг керак» деган босимни ҳис этмадим», - бу фарзанднинг ўз отасига берган таърифи.


Фирибгарлар мунтазам равишда ўз қаллобликларида «ПСЖ»дан фойдаланадилар. Қандай қилиб?

Бунга мисоллар етарли.

• 2021 йил декабридаги воқеа: ёшлар жамоалари ўртасидаги Франция Кубоги («Лизье» - «ПСЖ», 1:5) ўйинини томоша қилиш учун келган 28 ёшли йигит меҳмонхонага жойлашиш чоғида ўзини «ПСЖ» ўйинчиси, деб таништирган. У 2 кун учун 227 евро тўлаши керак эди. Бироқ бунинг ўрнига жой ҳақини кўрсатилган телефон рақамига «агент» орқали жўнатишини айтган ва ғойиб бўлган. Кейинчалик маълум бўлишича, рақам ҳақиқий эмас экан. Суд бу йигит аввалроқ 12та қоидабузарликни амалга оширганидан хабардор бўлгани сабабли, уни 2 ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Фирибгарлик тафсилотлари 2022 йилнинг май ойида маълум бўлди.

• Франциялик ҳаваскор ўйинчи Грегор Аксельрод сюжети: у ўзини «ПСЖ»нинг порлоқ юлдузи сифатида таърифлаган (бу ёлғон бўлиб чиқди), ўзига сохта сайт очиб, ўйинлар ҳақида қалбаки ҳисоботларни жойлаган, Николя Анелька матнларини кўчириб, ўз исм-шарифини ёзган ва турли клубларга жўнатган. Якунда Грегор Софиянинг ЦСКА клуби билан 15000 фунт ойлик маош оладиган 3 йиллик шарт­нома имзолашига сал қолганди. Бироқ бу қаллоблик вақтида тўхтатилди: фанатлардан бири «ПСЖ» офисига кириб, Аксельрод ҳақида сўраган, у ердагилар уни танимасликларини айтишган. Натижада трансфер амалга ошмаган.

• Килиан Мбаппенинг ўзи ҳам беихтиёр кичикроқ кўламдаги қаллобликка алоқадор бўлиб қолган. 2020 йил баҳорида унинг номидан розилигини олмаган ҳолда рекламада фойдаланишган. Ҳа, фирибгарликда аввал нимагадир эришиш мумкиндир, лекин якунда жазо келиши аниқ.

А.Абдуҳамитов тайёрлади.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 14:30, 26.02.2023.
Ўқилди: 3348 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.