Грэм Поттер яқин орада "Челси"га ўтгани учун афсус чекиши мумкин. 47 ёшли инглиз мутахассиси "Брайтон"даги ёрқин лойиҳани ташлаб, "Челси"га келганди. Аммо Лондондаги ишлар кўнгилдагидек кетмаяпти. Хусусан, Поттерга катта трансферлар эвазига яхши футболчилар олиб берилди. Аммо ундан фойда кўрилмаётир. Томас Тухель кетганидан атиги беш ой ўтиб, жамоа ичидаги бўшлиқлар яққол намоён бўла бошлади. "Манчестер Сити"дан кубок баҳсида шармандали мағлубиятга учраган Поттер (0-4), энди ЕЧЛни ҳам тарк этиши мумкин. Шундай бўлсада, клуб раҳбарияти ишонишда давом этмоқда. Негаки, улар "Арсенал"да Микель Артета билан бўлган воқеаларни ўз кўзлари билан кўрган.
"Тоттенхэм"га қарши баҳс ҳали қилувчи аҳамият касб этиши мумкин. Агарда мағлубият юз берса, у ҳолда балки Поттерни бошқа кўрмаймиз. Қуйида унинг ўрнига эҳтимолий номзодлар кўриб чиқилади.
Томас Тухель
"Челси" мухлислари немис мураббийини қайтаришни истамоқда. Унинг даври ҳозиргига қараганда минг марта яхши эди дегувчилар ҳам топилади. Тухель жамоани ЕЧЛдс ғолибга айлантирганди. Унинг бошчилигида "Челси" икки бор кубок финалига ҳам чиққан. Лекин энди уни қайтариш осон бўлмайди. Негаки, Тухелга, унинг яна бир собиқ жамоаси бўлган "ПСЖ" қизиқиш билдирмоқда.
Роберто Де Зерби
"Челси" "Брайтон"дан яна бир бор бош мураббийни тортиб олиши мумкин. Де Зерби АПЛда ажойиб натижа қайд этмоқда. Унинг жамоаси еттинчи ўринни банд этиб турибди. "Челси" ва "Брайтон" ўртасида кўп олди-бердилар бўлиб туради. Масалан, ёзда лондонликлар "чағалайлар"дан Марк Кукурельяни харид қилганди.
Маурисио Почеттино
"Тоттенхэм"нинг собиқ мураббийи яна Лондонга қайтиши мумкин. "Челси" Б режаси сифатида эҳтимол аргентиналик мураббийга мурожаат қилар. Аммо кўпчилик, Почеттино бу таклифни қабул қилмайди деб ҳисоблайди. "ПСЖ" уни 2022 йилда ишдан олганди. 2019 йилда эса "Тоттенхэм" шундай қилган. "Челси" ҳам тез-тез мураббий алмаштирадиган жамоалар сирасига киришини ҳисобга олсак, Почеттинонинг "Стемфорд Бриж"га келмаслиги табиий ҳолдир.
Зайниддин Зидан
Франциялик мураббий 2016-18, кейинчалик 2019-21 йиллар давомида "Реал"ни бошқарганди. Зидан бу даврда икки бор Ла-лига титулини, уч бор ЕЧЛ бош совринини қўлга киритган. Аммо ҳозир, деярли икки йилдан бери у ишсиз юрибди. Зиданнинг айни дамдаги мақсади Франция терма жамоасини бошқариш экани айтилади. "Челси" эса Зиданни кўндириши учун анча вақт кетади.
Жозе Моуриньо
"Special One" учинчи бор "Челси"га қайтиши мумкинми? Балки, ҳа. Моуриньо икки давр оралиғида "Челси"га уч марта АПЛ чемпионлигини келтирган эди. Португалиялик мутахассис ҳозирда "Рома"даги ишидан кўнгли тўлмаяпти. Шу сабабли, "Челси"га ўтиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Моуриньонинг асл мақсади Португалия терма жамоасида Фернанду Сантушдан бўшаб қолган ўриндиққа эга чиқиш эди. Аммо бу нарса амалга ошмади.
ИСМАТОВ Ж.